Petroleum Technology Group томонидан хусусийлаштирилган «Ўзбекнефтгаз»нинг 80 та ёқилғи қуйиш шохобчасининг нархи камида 100 миллион доллар бўлиши мумкин. «Газета.uz» очиқ маълумотлар асосида тахминий миқдорни ҳисоблаб чиқди.

Март ойи бошида «Газета.uz» Данияр Камиловга (собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловнинг ўғли) тегишли Petroleum Technology Group компанияси (устав капитали — 100 миллион сўм) Ўзбекистондаги энг йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг (устав капитали — 265 миллиард сўм) эгасига айланганини хабар қилган эди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозирча битим тафсилотларини маълум қилганича йўқ (UNG Petro қачон, қанча сумма ва қандай шартлар асосида хусусийлаштирилгани маълум эмас). «Газета.uz» Давактив матбуот хизмати билан боғлана олмаяпти. ungpetro.uz сайти ўз фаолиятини тўхтатган, ижтимоий тармоқлардаги охирги пости эса январь ойи бошида эълон қилинган.

2022 йил охирида UNG Petro 69 та бензин қуйиш шохобчаси, 6 та газ қуйиш шохобчаси ва 2 та газ тўлдириш компрессор шохобчасига (жами 77 та ёқилғи қуйиш шохобча) эгалик қиларди. Хусусийлаштириш режалари эълон қилинган 2023 йилнинг май ойида UNG Petro`нинг 78 та ёқилғи қуйиш шохобчаси борлиги хабар қилинган эди.

2024 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган инвестицион дастурда «Ўзбекнефтгаз» томонидан 2023−2024 йилларда Бухоро тумани ва Тошкентнинг Сергели туманида 2,5 миллион долларга иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси қурилиши белгиланган. Шу тариқа битта станция қурилиши, ер нархини ҳисобга олмаганда, 1,25 миллион долларга (80 та ёқилғи қуйиш шохобчаси — 100 миллион доллар) тушиши мумкин.

Таққослаш учун: Россиянинг «Татнефть» компанияси пойтахтнинг Қоратош кўчасида тайёр АЁҚШ сотиб олиб, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтириш учун 1,3 миллион доллар сармоя киритган, маҳаллий Uchqun Avto Trans компанияси эса 0,5 миллион долларга ёқилғи қуйиш шохобчаси қуришни режалаштирган.

OLX эълонлар сайтида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси 1,7 миллион долларга сотилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган (1, 2).

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда UNG Petro`нинг айланмаси 2,24 триллион сўмни (тахминан 178 миллион доллар) ташкил этган, бу 2022 йилга (1,86 триллион сўм) нисбатан 20,4 фоизга кўп. Шу билан бирга, компания томонидан 85,5 миллиард сўм солиқ тўланган, бу ўтган йилга нисбатан (156,3 миллиард сўм) қарийб 2 баробар кам, чунки 2023 йилда Аи-80 бензинини сотишда акциз солиғи бекор қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Petroleum Technology Group аввалроқ «Ўзбекнефтгаз»га қарашли Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи эгасига ҳам айланганди.