2022 йил якуни бўйича Ўзбекистонда давлат бюджети тақчиллиги 4,2−4,5% даражасида прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов 27 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Унинг эслатишича, Ўзбекистон иқтисодиётини 2022 йилги ривожланишининг асосий сценарийси белгиланаётганда инфляция 8,5−9,5%, бюджет тақчиллиги эса 3% атрофида бўлиши прогноз қилинган, бироқ реал кўрсаткичлар прогнозлардан юқори бўлади.

«Бугунги кунда фискал харажатларнинг — қўшимча [бюджет] харажатларининг ошиши, ижтимоий ёрдам кўламининг кенгайиши, иш ҳақининг белгиланган кўрсаткичлардан бироз юқорига оширилиши (инфляция даражасидан юқори) сабабли — жорий йилда [бюджет тақчиллиги] 4,2−4,5% даражада бўлиши кутилмоқда. Бу албатта, ўз-ўзидан инфляцияга ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис жорий йилда биз инфляцияни илгари прогноз қилинган 8,5−9,5% даражасида эмас, балки 12−12,5% кутмоқдамиз», — дея қайд этди у.

Унинг фикрича, ҳозирги макроиқтисодий шароитда пул-кредит (монетар) сиёсатининг роли билан боғлиқ ҳолда инфляция ўсишини жиловлашда фискал сиёсат ва фискал консолидациянинг роли ортиб бормоқда.

«Чунки бу қўшимча харажат. Бошқача қилиб айтганда, қўшимча пулларни муомалага киритиш дегани. Бу, ўз навбатида, инфляцияга таъсир қилади», — деди у.

Шу билан бирга, регулятор раҳбари амалдаги пул-кредит сиёсати воситалари, жумладан, Марказий банк асосий ставкасини (15%) инфляция даражасидан (сентябрда 12,2%) юқори даражада ушлаб туриш орқали 2022 йил охирига келиб истеъмол нархлари ўсиш суръатларини 12% гача пасайтира олишига ишонч билдирди.

Аввалроқ ҳукумат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бюджет тақчиллигининг максимал миқдорини 3% дан 4%га ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритганди. Бу эса давлат харажатларини 8 триллион сўмга оширишни назарда тутади. Бу Марказий банк прогнозларидан пастлиги сабаб, ҳукумат лимитга мослашиш учун давлат харажатларини оптималлаштириши талаб этади.

27 октябрь куни Марказий банк Ўзбекистон иқтисодиётини 2025 йилгача ривожлантиришнинг иккита сценарийсини тасдиқлади. Кейинги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши таркибий ўзгаришларнинг мантиқий якунланиши, давлатнинг иқтисодиётдаги ролининг қисқариши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Марказий банк 2023 йилдан бошлаб ҳукумат давлат молиясини тартибга солишни бошлаши кераклигини таъкидлади.

Пул-кредит сиёсати (монетар) — ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган макроиқтисодий сиёсатнинг бир қисми. Пул-кредит сиёсати пул-кредит инструментларидан фойдаланиш орқали банк тизимидаги ликвидлик ҳажмини, фоиз ставкалари ва бошқа монетар кўрсаткичларни белгиланган даражада ушлаб туриш учун амалга оширилади.

Фискал сиёсат — давлат фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат даромадлари ва харажатларини муайян иқтисодий ва ижтимоий мақсадлар учун тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар тизимини ўз ичига олувчи молиявий сиёсатнинг ажралмас қисми. Ҳукуматнинг солиқларни белгилаш ва маблағ сарфлаш ҳуқуқларидан фойдаланишига асосланади.