Марказий банк бошқаруви 2023 йил 27 июлдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган.

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани кўрсатиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлганлиги асосий пасайтирувчи омиллардан бўлган. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмаган.

Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайган ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этган.

Натижада базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган. Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётганлиги, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганлигини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам кўринмоқда.

Регулятор глобал иқтисодий фаоллик кутилганидан кўра тезроқ ўсишига қарамасдан унинг келгуси ривожланиш траекторияси бўйича ноаниқликлар юқорилигича қолаётганини қайд этган. Жаҳон хомашё нархларида юқори эффект таъсирлари тугаб бориши билан глобал инфляцияда пасайиш кузатилмоқда, бироқ аксарият давлатларда базавий инфляция йил охиригача юқори даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

«Савдо-ҳамкор давлатлардаги иқтисодий ўзгаришларнинг ички иқтисодиётга таъсири нисбатан ижобий шаклланса-да, айрим ҳамкор давлатлар миллий валюта курсларига бўлаётган босим сақланиб қолмоқда ва ушбу ҳолат, ўз навбатида, миллий иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади регулятор баёнотида.

Шунингдек, Марказий банкнинг янгиланган прогнозларига кўра, ташқи иқтисодий шароитларга иқтисодиётнинг мослашувини давом этаётганлиги ва айрим ноаниқликларни сақланиб қолаётганлигини ҳисобга олиб 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5,0−6,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бунда, аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи драйверлари бўлиши айтилган.

Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиб, 8,5−9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, регулятор охирги марта 16 март куни ставкани ўзгартирган ва 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 сентябрга белгиланган.