Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 19,8 триллион сўмдан ошди (Марказий банкнинг 4 апрелдаги курси бўйича 1,56 миллиард доллар).

Манба: Open Budget, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.Манба: Open Budget, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Бу, «Газета.uz» ҳисобига кўра, камида 12 йил давомидаги рекорд кўрсаткичдир. Рақамлар, шунингдек, 2023 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 1,7 баробар, 2022 йилга нисбатан эса қарийб 20 баробар кўп.

Январда дефицит 5,8 триллион сўмни, февралда 7,2 триллион сўмни, март ойида эса 6,8 триллион сўмни ташкил қилди.

Бюджет даромадлари ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 6,8 фоизга, харажатлари эса 19,3 фоизга ўсди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўм, харажатлари 280,7 триллион сўм, дефицит эса 10,3 триллион сўм бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ хабар берганимиздек, 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўм (5 миллиард доллардан ортиқ)ни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.

Консолидациялашган бюджет давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағларини ўз ичига олади.

Ўзбекистонда давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 2 йил ичида 5 бараварга — 5,63 трлн сўмдан 29,25 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) ошди. 18 трлн сўм газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга, 1,02 трлн сўм геология-қидирув ишларига сарфланган.

2023 йил якунига кўра, давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, маҳаллаларни сақлаш ва ННТларни қўллаб-қувватлаш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 17 триллион сўмни ташкил этди. 2024−2025 йилларда ҳам уларни сақлаш харажатларини ошириш режалаштирилган.