Ўзбекистон Марказий банки ташқи савдо ҳамкорлардаги иқтисодий вазият, хомашё ва молия бозорларида келгусида ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолишини, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш суръатларини инобатга олиб 2 та сценарий асосида кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишларини ишлаб чиқди. 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш даври асосий сценарийда 2025 йилнинг иккинчи ярмига, муқобил сценарийда 2026 йил якунига тўғри келиши кутилмоқда.

Регулятор макроиқтисодий ривожланишнинг барча сценарийларида Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилишини таъкидлаган.

Келгуси йилларда ташқи иқтисодий шароитларда жорий вазиятнинг кескин ўзгаришларсиз ривожланиши ва таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши асосий сценарий шартлари этиб белгиланган бўлса, ноаниқликларнинг янада кучайиши ва ташқи шароитларда хатарли шокларнинг юзага келиши муқобил сценарий шартлари сифатида қайд этилган.

Асосий сценарий

Асосий сценарийни ишлаб чиқишда кейинги йилларда макроиқтисодий тўғриланишларнинг амалга оширилиши, яъни энергия, транспорт ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигидаги таркибий ислоҳотларни фаол фазага кўчиши ва айримларининг мантиқий якунига етказилиши, фискал консолидация бошланиб умумий фискал дефицит ҳажми 2023 йилги кўрсаткичлардан қисқартириб борилиши, иқтисодиётда давлат улушининг камайиши, ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар ва экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиб бориши каби қарашларга таянилган.

Бу сценарий доирасида янгиланган прогнозларга кўра, 2022−2023 йилларда юзага келган ташқи вазиятдаги ўзгаришларнинг таклиф омилларига бўлган босими узоқроқ сақланиб қолаётганлигини ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар тўғриланишининг умумий инфляцияга бўлган таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг доимий 5 фоизлик таргетига эришиш даври 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши бўйича асосларни юзага келтирмоқда.

«Айни пайтда, ушбу қарор доимий 5 фоизлик таргетни ўзгартирилганлигини англатмайди, балки ушбу таргетга эришиш даврининг узайтирилганлигини билдиради», — дейилади регулятор баёнотида.

Таргетга эришиш даврининг узайиши, бир томондан иқтисодиётдаги ялпи таклифнинг ички истеъмол талабини етарли даражада қондиришда кечикаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, ялпи талабни тийиб туришга қаратилган кескин чоралар кўрилган тақдирда иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатарлар туғдириши мумкинлиги билан боғлиқ экани айтилган.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси доирасида 2024 йилда инфляция даражаси 8−9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляциянинг мазкур даражада бўлишини таъминлаш учун пул-кредит шароитлари 2024 йилда ҳам нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади.

Марказий банк 2024 йилда тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиш даражасидан келиб чиқиб инфляциянинг прогнози қайта янгиланиши ва мос равишда пул-кредит шароитларига ўзгартириш киритилиши мумкинлигини қайд этган. Макроиқтисодий тўғриланишлар ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда умумий инфляцияга қисқа муддатли оширувчи таъсирлар сезиларли бўлишини инобатга олиб, келгуси йилда пул-кредит соҳасидаги қарорлар устувор равишда базавий инфляцияни пасайтиришга қаратилади.

Кутилаётган ўзгаришлар инфляцион кутилмаларга кескин таъсир кўрсатган тақдирда, пул-кредит шароитлари ўзгартирилади ҳамда кенг жамоатчилик билан коммуникация янада фаоллаштирилиб, ҳар бир чора тушунтириб борилади. Пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини оширишда банк тизимида долларлашув даражасини пасайтириш, имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш ва бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтиш борасида чоралар давом эттирилади.

Регулятор асосий сценарий доирасида 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши прогнози 5−5,7 фоиз бўлишини, 2025 йилда 5−6 фоиз ва 2026 йилда 5,5−6,5 фоиз атрофида шаклланишини прогноз қилган.

Бунда, хусусий секторнинг инвестицион ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошиб бориши, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳамда экспортнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллар бўлиши кутилмоқда.

Муқобил сценарий

Муқобил сценарий доирасида, асосий сценарийдан фарқли равишда, ташқи шароитларнинг бирмунча ноқулай шаклланиши ички нархларга қўшимча босим яратишини инобатга олиб, 2024 йилда инфляция даражаси 9−10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бунда доимий таргетга эришиш даври янада узоқроқ даврга кечикиб, 2025 йилда инфляция 7−8 фоиз атрофида бўлиши ва 2026 йил якунига келиб 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий доирасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантиришлар бўлади.

Бунда, ўрта муддатли истиқболда ЯИМ реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган прогнозларга нисбатан 1,5−2 фоиз бандга пастроқ бўлиши мумкин. Муқобил сценарий шартлари юзага келганда пул-кредит шароитларини янада қатъийлаштириш чоралари кўрилади.

Молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида макропруденциал чоралардан ҳам кенг фойдаланиб борилади. Келгуси йилларда институционал жиҳатдан ривожланиш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади. Хусусан:

  • пул-кредит сиёсати операцион механизмини ривожлантириш борасида 2025 йилдан бошлаб асосий ставканинг шартли прогнозини эълон қилиш ва бозор иштирокчилари билан муҳокама қилиш масаласи атрофлича ўрганилади;
  • пул бозорида таъминланган репо операциялар ҳажмини кенгайтириш ва пулнинг турли даврлардаги нархлари асосида даромадлар эгри чизиғини шакллантириш чоралари кўрилади;
  • «овернайт фоиз ставка своплари» амалиёти жорий этилиб, улар асосида даромадлик эгри чизиғи шакллантирилади;
  • макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизимини янада такомиллаштиришда машинали ўқитиш ва онлайн кузатувлар натижалари асосида е-cpi прогнозлари ишлаб чиқилади;
  • инфляцион кутилмалар ҳамда истеъмол ва бизнес кайфиятини ўрганишнинг қамров усуллари такомиллаштирилади;
  • иқтисодий ўсиш ва инфляция прогнозида қўлланиладиган моделлар қатори кенгайтирилади;
  • пул-кредит сиёсати борасидаги коммуникация алоқалари ривожлантиришда мақсадли таргет аудиторияларининг қизиқиш ва эҳтиёжларига мос келувчи коммуникация инструментлари такомиллаштирилади;
  • кўп қатламли (multi layer) коммуникацияни ривожлантириш йўналишлари ишлаб чиқилади;
  • коммуникация интизоми қоидалари жорий қилинади ва амал қилишини таъминланади.

«Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025−2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»нинг концептуал жиҳатдан маъқулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банк расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлашга ўта бошлади. Доимий инфляция мақсади — 5 фоизга 2023 йилга келиб эришилиши белгиланди. 2022 йил 22 июлда эса регулятор 5 фоизлик таргетга мақсадига эришиш муддатини 2024 йил охиригача қолдирганди.

Маълумот ўрнида, пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари келгуси йилларда ташқи ва ички шароитлардаги ўзгаришларга нисбатан жавоб чоралари, операцион механизмни ривожлантириш бўйича тадбирлар ва иқтисодиётдаги ўзаро боғлиқликлар борасидаги тадқиқотларни ўз ичига олиб, умуман олганда, жорий ва кутилаётган макроиқтисодий вазият бўйича Марказий банк қарашларини ифодалайди.

Инфляцион таргетлаш — давлат органлари томонидан мамлакатда инфляция даражасини назорат қилиш мақсадида амалга ошириладиган монетар чоралар комплекси ҳисобланади. Бунинг учун ўрта муддатли макроиқтисодий прогноз, кейин эса прогноздан четга чиқиш кузатилса, иқтисодиётдаги оптимал ҳолатга қайтиш имконини берувчи чора-тадбирлар белгиланиши керак.