Ўзбекистонда ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бундан тизим ходимларига енгиллик яратиш мақсад қилинган, шунингдек, қурилма ИИОга фавқулодда вазият ҳақида тезкор маълумот олиш ва қисқа фурсатларда бартараф этиш имконини беради, вақтни ва ресурсларни тежайди, харажатларни камайтиради, дейилади хабарда.

Spot маълумотига кўра, ИИВ Ахборот технологиялари бўйича бўлим бошлиғи Шоҳрух Мухторов йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш юқори самарадорликка имконият яратишини айтиб ўтди. Бу бўйича ЎзА эълон қилган видео ҳозирда ўчирилган.

«ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари, йўл-патруль хизмати инспекторлари, ИИОларнинг бошқа соҳавий хизматлари ходимларини ўқитиш бўйича учта махсус ишчи гуруҳ тузилган», — дейди Мухторов.

Хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари, йўлларда қоидабузарликларни аниқлаш, қидирув-қутқарув, жумладан, олиб қочилган ва ўғирланган автомобилларни топиш имконини беради. Бунда тезкорлик таъминланиб, вақт, ресурс ва маблағлар тежалади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишда биринчи марта айбланаётган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Мазкур ҳолат бўйича қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 ноябрь куни биринчи ўқишда, 12 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди. Сенат томонидан эса 19 январь куни маъқулланган. 15 март куни президент қонунни имзолади. Ўзгартиришлар уч ойдан кейин кучга кириши хабар қилинди.

Дронлар масаласи

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.

2019 йилдан эса учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (Мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео суратга олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли қамоқ жазоси, бир йиллик синов муддати берилган. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атаган ва уни жиноят қонунчилигидан олиб ташлаш зарурлигини айтган.

2022 йил февралида россиялик сайёҳлик блогери Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган.

2022 йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Эрмакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда ушланган. Суд аёлни оқлаган, аммо дрон ундан олиб қўйилган.

Божхона қўмитаси таъкидлашича, ўзгартиришлар жамиятда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқимини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.