Ўзбекистонликлар дрондан фойдаланиш маданиятига ҳали тўла тайёр эмас, аммо бу вақтинчалик ва ривожланаётган давлатлар учун нормал ҳолат ҳисобланади. Бу фикрни Миллий матбуот марказида учувчисиз учадиган аппаратлар ва улардан фойдаланиш тартибига бағишланган матбуот анжуманида «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) директори ўринбосари Исломбек Абдураҳимов айтиб ўтди.

Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 15 март куни имзоланган қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун белгиланган жазо чораларини енгиллаштирилаётгани тушунтирилди. Аввалроқ Божхона қўмитаси мазкур ўзгартишлар «жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқимини тобора кенгайтиришга хизмат қилиши»ни маълум қилганди.

«Қонунга хилоф равишда фойдаланиш аввал тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлган бўлса, 15 март куни президентимиз томонидан имзоланган қонунга мувофиқ, ушбу қилмиш учун тайинланадиган жиноий қилмишлар либераллаштирилди, яъни маъмурий жавобгарлик белгиланди. Энди тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилмайди, аввал маъмурий, яъни енгилроқ жазо қўлланади. Жисмоний шахс шу қилмишни бир йил ичида такроран содир этса, кейинчалик жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилади», — деди «Мадад» ННТ директори ўринбосари Исломбек Абдураҳимов.

Матбуот анжуманида «Газета.uz» мухбири нега ўзбекистонликлар дронлардан эркин фойдаланиши мумкин эмаслиги, амалдаги тақиқлар қандай омилларга асосланиб жорий этилгани ҳақида сўради. Абдураҳимов бу саволга жавоб бераркан, бу «катта мавзу» эканини алоҳида қайд этиб ўтди.

«Мадад» ННТ директори ўринбосари Исломбек Абдураҳимов«Мадад» ННТ директори ўринбосари Исломбек Абдураҳимов

«Буни ҳозир содда, қисқа қилиб айтишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқлари бор: сўз эркинлиги, сайлаш ва бошқалар. Лекин ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқлари бор-да. Одам ўзининг ҳуқуқларини амалга ошираётган пайтда ўзгаларнинг ҳуқуқларига дахл қилмаслиги керак. Ҳозирги шароитда тинчликни сақлаш — пировард масала. Дунёдаги геосиёсий вазият, нотинчликни ҳаммамиз кўриб турибмиз, бу ҳеч кимга сир эмас. Дронларни тақиқлаб қўйиш ёки қандайдир чеклов қўйиш бу — уларнинг ҳуқуқларига дахл қилиш, деган масаланинг ўзи сал нотўғри. Бунга бошқа томондан қараш керак-да. Масалан, биз ҳозир ҳаммага [дрондан фойдаланишга] рухсат бериб юборсак — бу қурилмалардан фойдаланиш маданияти ҳали биз тасаввур қилган даражада эмас — қўпол қилиб айтганда, одамлар бир-бирини уйида қилаётган ишларини ҳам дронлар орқали Фейсбук ёки бошқа тармоқларда эфирга қўйиб юбориши мумкин», — деди «Мадад» ННТ вакили.

«Биз ҳали [дрондан] фойдаланиш маданиятига тўла тайёр эмасмиз, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳукумат мана шу чекловларни киритган. Лекин бу вақтинчалик ва ривожланаётган давлатлар учун нормал ҳолат ҳисобланади. Вақти келиб, халқимиз, фуқароларимиз мана шу даражага етиб келади ва тақиқлар олиб ташланади, секин-секин енгиллаштирилади. Яқинда имзоланган ҳужжатга асосан, либераллаштирилганининг ўзи ҳам катта бир қадам. Бу йилдан-йилга либераллаштирилиб борилаверади», — деди у.

Абдураҳимовнинг қўшимча қилишича, қонун ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди, жамият ривожланган сари қонунлар ҳам ўзгариб бораверади.

«Сиз айтган масала бўйича ҳам худди шундай — чекловлар ҳам секин-секин бекор қилинади. Лекин, айтиб ўтмоқчиманки, бизда бу масалада — [дронлардан] қонунга ҳилоф равишда фойдаланиш, олиб кириш ва сақлаш учун жавобгарликнинг иккита тури бор: маъмурий ва жиноий жавобгарлик — у ҳали ҳам турибди. Ҳамма билиб қўйсин — ҳуқуқни билмаслик, жиноий жавобгарликдан озод қилмайди, деган гапи бор юристларнинг. Шунинг учун буни ҳам билиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади», — деди Исломбек Абдураҳимов.

Мухбирнинг «дрондан эркин фойдаланишга рухсат бермай туриб, аҳолининг бу борадаги маданияти яхши шаклланмаган, деган хулосага қандай келиш мумкин?» мазмунидаги саволига жавобан «Мадад» ННТ вакили бундай масалалар «касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзал» деган тамойил асосида тартибга солинишини таъкидлади.

«Конституция билан белгиланган қонунчилик ташаббусига эга бўлган саккизта субъект бор, парламент ҳам ишлаб турибди. У ерда прогнозлаштириш, яъни олдиндан кўра билиш, деган масала ҳам бор. Масалан, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган принципдан келиб чиқиб, мана шу масалалар тартибга солинади. У ерда қонун чиқарувчилар фақат қўл кўтариб, тасдиқлаб қўймайди. Улар ҳам баҳслашади, тортишади ва охирида кўпчилик бир хулосага келиб, шу масалалар тартибга солинади», — деди ННТ директори ўринбосари.

Исломбек Абдураҳимов Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни енгиллаштиришга нима сабаб бўлгани ҳақидаги саволга изоҳ бераркан, жумладан, шундай деди: «Ҳозир инсон ҳуқуқлари, инсон қадри, деган принциплар асосида ишлаяпмиз-ку. Шундан келиб чиқиб [жазо енгиллаштирилди]. Жиноий жавобгарликка тортиш оғир масала-да, оқибатлари ҳам оғир бўлади. Маъмурий дегани, бу — жиноий жавобгарликка тортилди дегани эмас, судланди дегани эмас, жаримасини тўлайди — бўлди. Бир йил ичида такроран содир этса, жиноий жавобгарлик борлиги айтилиб, огоҳлантирилади», — деди у.

Маълумот учун: Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади: базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача (2024 йил 15 апрель ҳолатига — 8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Оғирлаштирувчи ҳолатларда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати 10 йилгача етиши мумкин.

Муҳокамада «Ўзавиация» агентлиги бошқарма бошлиғи Равшан Худойқулов ҳам фикр билдириб ўтди. У дронлардан эркин фойдаланишга нима учун тақиқ қўйилганини тушунтирди.

«Ўзавиация» агентлиги бошқарма бошлиғи Равшан Худайқулов«Ўзавиация» агентлиги бошқарма бошлиғи Равшан Худайқулов

«Мана, ҳозир савол бердилар: нимага асосан, [дронлардан фойдаланишда] тақиқ қўйилган [деб]. [Бу масалада] халқаро тажриба ҳам [инобатга олинган]. YouTube’да ҳам чиққан — [Лондоннинг] Гатвик аэропортига дрон ноқонуний киргани учун аэропорт иши тўхтатилган, шу билан қанчадир зарар кўрган. Бундан ташқари, чегарадан ноқонуний нарсаларни олиб ўтиш ҳолатлари ҳам бўлган. Ўзбекистон учувчисиз учиш аппаратларни тақиқлаган биринчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ҳозир кўп давлатлар, Американи оласизми, Россияни оласизми, тартиб ва тақиқ бўлмагани учун ҳозир шу соҳани тартибга сололмай, назорат қилолмай, овора», — деди Худойқулов.

Ўзбекистонда УПҚАлар қандай тақиқлангандию, жазолар қандай оғирлаштирилганди?

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз парвоз қилувчи аппарат (УПҚА)ларни, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.

2019 йилдан эса учувчисиз парвоз қилувчи аппаратларни ноқонуний олиб кирганлик, сотганлик, сотиб олганлик, сақлаганлик ёки ишлатганлик учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланди.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли озодликдан маҳрум қилиш жазоси, бир йиллик синов муддати берилди. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атади, айни вақтда жазолашга сабаб бўлган моддани жиноят қонунчилигидан чиқариб ташлаш зарурлигини таъкидлади.

2022 йил февралида россиялик саёҳатчи блогер Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинди.

2022 йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Ермакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда ушланган. Суд аёлни оқлаган, аммо аёл дронсиз қолган.

Авиация муҳандислари Нуриддин Абдужабборов ва Қадамбай Саитов Ўзбекистонда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш ушбу соҳани ривожлантиришга қанчалик имкон бериш-бермаслиги ҳақида 2019 йилда «Газета.uz»га мақола ёзганди.

Ўзбекистоннинг 2023 йилга мўлжалланган Давлат дастурида учувчисиз парвоз қилувчи аппаратларни ноқонуний олиб кирганлик ва улардан фойдаланганлик учун жарималарни енгиллаштириш кўзда тутилганди.

«Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳақида

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги томонидан Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизими ишга туширилган.

Адлия вазирлиги ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг таклифидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати 2019 йил 6 сентябрда, жумладан, «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этишни назарда тутувчи қарорни имзолаган. Қарорда ташкилот олдига қўйилган асосий вазифалардан бири сифатида, хусусан, «„Advice.uz“ (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш» кўрсатилган.

Ташкилот фаолияти, жумладан, давлат ижтимоий буюртмаси доирасида Адлия вазирлиги, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг шартнома асосида «Мадад» ННТга тўғридан-тўғри ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.