Ички ишлар вазирлиги интернет орқали терактлар ҳақида тарқатилаётган чақириқлар муносабати билан мурожаат эълон қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, сўнгги пайтларда турли мамлакатларда содир этилган террорчилик хуружлари фонида «интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда».

«Бу каби провокацион хабарлар асосан Telegram мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайдилар. Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар», — дейилади мурожаатда.

ИИВ бундай хабарлар келганда ваҳимага тушмасликка, уларни очиқ чатлар, танишлар ва дўстларга юбормасликка, зудлик билан 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беришга чақирди. «Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг».

«Ёдингизда тутинг, фирибгарлар жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда! Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда», — дейилади ИИВ ахборотида.