Тошкент шаҳридаги масжидларда ўғрилик қилган шахс 6 йилга қамалди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, фуқаро И.О. «Абу-сахий» савдо марказида жойлашган жоме масжиди таҳоратхонасида кийим қўйиш жойида турган курткалардан бирининг чўнтагидаги 60 минг сўм ва Samsung A24 русумли телефонини ўғирлаб кетган.

Бошқа куни эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжиди таҳоратхонасига кириб, Samsung A23 телефонини олиб қочиб кетган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан фуқаро И.О. га нисбатан суд иши кўриб чиқилди. У суд мажлисида эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди ва пулни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборгани, телефонларни эса ҳар бирини 500 минг сўмдан сотиб юборганини маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, эркакка 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ундан жабрланувчи З.Ё. фойдасига 2 млн 783 минг сўм, жабрланувчи Ш. С. фойдасига 1,5 млн сўм ундириш белгиланди.