Навоий ва Жиззах вилоятларида ўтказилган рейд тадбирларида АҚШга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Унга кўра, Зафаробод туманида (Жиззах) фуқаро бошқа бир шахсни танишлари ёрдамида АҚШга ишга юбориши эвазига 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Навоий шаҳрида фуқаро бошқа бир кишини Мексика давлати орқали Қўшма Штатларга ишга юбориши эвазига 14 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирди. Элчихона Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишлари давом эттирилишини билдирган.