Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзбекистонликларни Қўшма Штатларга қонуний йўл билан боришга чақирди.

Элчихонанинг қайд этишича, 3 март куни Қўшма Штатлар Ўзбекистонга навбатдаги репатриация рейсини амалга ошириб, АҚШда қолишга қонуний рухсати бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг катта қисмини қайтарди. Бу парвоз Ўзбекистон фуқароларининг АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтишига қарши АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилган чора-тадбирларнинг сўнггиси ҳисобланади.

«Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва серхарж уринишдир. Биз Ўзбекистон фуқароларини одамларни товар сифатида кўрадиган жиноий гуруҳлар ёлғон ваъдаларига ишониб, жабрдийда бўлишликдан огоҳлантирамиз. Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилишни хоҳловчиларни хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирамиз» — дейилади элчихона баёнотида.

АҚШ ҳукумати Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда. Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари билан хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларни татбиқ этган ҳолда, Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишларини давом этиши билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди.