Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 29 март, жума куни Тошкентда «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабарида айтилади.

Акциядан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шаҳарларда автомобиллар ҳаракатини камайтириш ва жамоат транспортини ривожлантиришдан иборат.

Экология вазирлиги барчани шу куни бўлиб ўтадиган акцияга «бефарқ қолмасликка, шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга» чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги фармони билан кенг жамоатчилик вакиллари ва экология фаоллари таклифлари асосида ҳар ойда бир марта Тошкент шаҳрида «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди.

Шу куни бинолари Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарияти ва бошқа ходимларига «жамоат транспортида иш жойига келиш орқали шахсий намуна кўрсатиб бориш» топширилган.