Тошкент шаҳрида акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори («Қўйлиқ») акциядорлари дастлаб бозор фаолиятини тугатишни режалаштирмаган бўлган.

Аввалроқ, ««Қўйлиқ» деҳқон бозори фаолияти «жамият акциядорларининг 2024 йил 29 февралдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига кўра ихтиёрий» тугатилгани хабар қилинганди.

Молиячи Отабек Бакиров акциядорларнинг 100 фоизи 31 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда ихтиёрий тугатишга қарши овоз берганига эътибор қаратди. Йиғилишда, аксинча, бозор фаолиятини унинг ҳудудидаги қурилиш, реконструксия ва таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар тўхтатиб туришга қарор қилинган.

Бундан ташқари, 24 январь куни бозор кузатув кенгаши 53,9 млрд сўмлик 36,4 млн дона акция чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган. Эмиссия бозор фаолиятини ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан бир кун олдин, 28 февраль куни давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шу билан бирга, акциядорлик жамиятини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги 29 февралда қабул қилинган қарорда 24 январда қабул қилинган, бозор фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатишни рад этишни назарда тутувчи қарорни бекор қилиш ҳақида сўз юритилмаган.

«Тугатилишидан бир кун аввал акциялар чиқарилуви рўйхатдан ўтаяпти. Тугатилмоқчи бўлган жамият қўшимча акция чиқарадими? Акциялар чиқарилувини давлат рўйхатидан ўтказадими?», — дея савол берган Отабек Бакиров.

Молиячи 42,6 млрд сўмлик активлари ва атиги 315 млн сўмлик мажбуриятлари бўлган яъни молиявий ҳолати мустаҳкам ҳисобланган «Қўйлиқ» бозорини тугатиш тўғрисидаги қарор «бозор акциядорлари ва бошқарувчиларининг қарори бўлмагани» мумкинлигини ва «маъмурий босим» остида қабул қилинган бўлиши мумкинлигини қайд этган.

«Қўйлиқ» улгуржи бозорининг акциядорлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги (93,2 фоиз) ва меҳнат жамоаси (6,8 фоиз) ҳисобланади.

Бозор ёпилиши

2021 йил декабрь ойида Тошкент ҳокимлиги йўл кенгайтирилиши муносабати билан деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари Тошкент вилоятига, «Қўйлиқ»дан 6,5 км узоқликда жойлашган Food City савдо марказига кўчирилиши ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» «Қўйлиқ» бозорини кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилинганини ёзганди.

Бу хабарлардан сўнг тадбиркорлар бозорнинг кўчирилишига қарши чиқишди ва улардан беш нафари ҳибсга олинганди. Сотувчилар 1 январгача расталарни бўшатиб, кўчиб ўтишлари кераклиги ҳақида хатлар берилганини маълум қилди.

Орадан бир неча кун ўтиб бозор директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев ЎзАга бозор маъмурияти сотувчиларга билдиришнома тарқатмаганини таъкидлади. «Ҳозирча на шаҳар ҳокимияти, на бозор маъмурияти бизга хабар бергани йўқ», — деганди у.

Бектемир тумани ҳокими Тапил Махамадзияев улгуржи озиқ-овқат бозори босқичма-босқич Food city`га ўтишини тасдиқлади. «Маҳсулотларни Қўйлиқдаги асфальтда сотиш ўрнига, у ерда (Food city`да) сотиш яхшироқ», — деганди у.

2022 йил июнь ойида собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши муносабати билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва «Қўйлиқ» универсал савдо дўкони объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат берган эди.

Ҳокимлик ҳудуди шаҳар эҳтиёжлари учун тортиб олинаётган «Қўйлиқ» бозори бузилмаслигини маълум қилди. Автотураргоҳнинг бир қисми ва вақтинчалик қаторлар йўл ўтказгич қуриш учун ажратилади.