Тошкент ҳокимлиги «Қўйлиқ» бозори яқин атрофидаги йўл кесишмаси кенгайтирилиши муносабати билан бозор ҳудуди олиб қўйилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» ва бошқа ОАВлар ҳамда блогерлар ёзганди.

«Қўйлиқ» деҳқон бозорининг тўлиқ ҳудуди давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши кўзда тутилмаган, асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрни қурилиш жараёнига жалб этилади", — дея маълум қилди ҳокимлик.

«Бунда, асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг кв. метр атрофида бўлади», — дейилади хабарда.

«Қўйлиқ» буюм бозори ҳам тўлиқ олиб қўйилмайди. Бу ерда ҳам автотураргоҳ ҳудуди ва бир нечта вақтинчалик қурилмаларнинг ўрни ишларга жалб этилиб, улар учун компенсация маблағлари тўлаб берилади. Асосий павильон ўз жойида қолади. Автотураргоҳ ҳудуди билан бирга ишларга жалб этиладиган умумий майдон 6,3 минг кв. метрни ташкил этади.

«Ишлар якунидан сўнг, бозорларнинг автотураргоҳи хавфсизлик талабларини ҳисобга олган ҳолда тегишли рухсатнома бўлса, кўприк ва ёндош йўлларнинг таянч иншоотлари остида жойлаштирилиши мумкин», — дея қайд этди ҳокимлик.

Қўшимча қилинишича, шаҳар ҳокимининг 22 июндаги қарорида келтирилган олиб қўйилган ҳудудлар кўрсатилган жадвалда «объектлар ҳақидаги умумий маълумотни акс эттирган бўлиб, улар бузилишидан далолат бермайди».

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти

Ушбу ер майдонлари йўл ўтказгич, Бектемир йўлидан ТХАЙга ва ТХАЙдан Бектемир йўлига (Фарғона йўлининг давоми) тушувчи йўллар қурилиши сабабли давлат ва жамоат фойдасига жалб этилмоқда.

«Пойтахтимизда йўл-транспорт инфратузилмасини жадал такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Ушбу йўл ўтказгич, шу жумладан, унинг таркибидаги ёндош йўллар шаҳарга киришда транспорт оқимини тезлаштириш, шаҳарга кириш қисмида тирбандликларнинг ва авариявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрь ойида Тошкент ҳокимлиги йўл кенгайтирилиши муносабати билан деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари Тошкент вилоятига, «Қўйлиқ»дан 6,5 км узоқликда жойлашган Food City савдо марказига кўчирилиши ҳақида хабар берган эди.