Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган «Қўйлиқ» деҳқон бозори фаолияти тугатилди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги корпоратив ахборот ягона порталига бу тўғрисидаги маълумот юкланган.

Бозор маъмуриятининг ёзишича, «Қўйлиқ» бозори «жамият акциядорларининг 2024 йил 29 февралдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига кўра ихтиёрий» тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Қўйлиқ» бозорида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланганини, бу орада бозор ёпиқ бўлишини маълум қилганди. Ўшанда бозордаги тадбиркорларга фаолиятини Food City, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириш таклиф қилинган.

Бозор кўчирилиши

2021 йил декабрь ойида Тошкент ҳокимлиги йўл кенгайтирилиши муносабати билан деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари Тошкент вилоятига, «Қўйлиқ»дан 6,5 км узоқликда жойлашган Food City савдо марказига кўчирилиши ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» «Қўйлиқ» бозорини кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилинганини ёзганди.

Бу хабарлардан сўнг тадбиркорлар бозорнинг кўчирилишига қарши чиқишди ва улардан беш нафари ҳибсга олинганди. Сотувчилар 1 январгача расталарни бўшатиб, кўчиб ўтишлари кераклиги ҳақида хатлар берилганини маълум қилди.

Орадан бир неча кун ўтиб бозор директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев ЎзАга бозор маъмурияти сотувчиларга билдиришнома тарқатмаганини таъкидлади. «Ҳозирча на шаҳар ҳокимияти, на бозор маъмурияти бизга хабар бергани йўқ», — деганди у.

Бектемир тумани ҳокими Тапил Махамадзияев улгуржи озиқ-овқат бозори босқичма-босқич Food city`га ўтишини тасдиқлади. «Маҳсулотларни Қўйлиқдаги асфальтда сотиш ўрнига, у ерда (Food city`да) сотиш яхшироқ», — деганди у.

2022 йил июнь ойида собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши муносабати билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва «Қўйлиқ» универсал савдо дўкони объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат берган эди.

Ҳокимлик ҳудуди шаҳар эҳтиёжлари учун тортиб олинаётган «Қўйлиқ» бозори бузилмаслигини маълум қилди. Автотураргоҳнинг бир қисми ва вақтинчалик қаторлар йўл ўтказгич қуриш учун ажратилади.