Тошкентдаги улгуржи «Қўйлиқ» бозори босқичма-босқич янги савдо мажмуа Food City`га кўчирилади. Бу ҳақда Бектемир туман ҳокими Тапил Махамадзияев 13 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

У Food City Бектемир ҳудудида жойлашганини эслатиб ўтди — август ойида Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг бир қанча ҳудуди Бектемир туманига ўтказилганди.

«Food City`да шундоқ шароитлар яратилганки, бунақа шароит ўзимизни Экобозорда (Ecobozor — Тошкентдаги ёпиқ бозорлар тармоғи) ҳам йўқ. «Қўйлиқ»да асфалтда ўтириб сотгандан кўра, ўша ерга [Food City] обориб сотган маъқул. Кадастри борларга албатта, давлат томонидан ҳамма зиёни 100 фоиз қоплаб берилади», — деди у.

Тапил Махамадзияев бозорга кўчиш босқичма-босқич амалга оширилишини, илк уч ой мобайнида янги мажмуа маъмурияти савдогарлардан пул ундирмаслигини таъкидлади: «Биз буни шартларини келишиб олдик».

«Мен биттагина элементини айтаман. У ерда (Food City`да — таҳр.) 6×4 метрлик 4 та монитори бор. Битта айлантириши 100 млн сўм. Бу бозорга қўшимча даромад олиб келади», — деди у.

Ҳоким шунингдек, сотувчиларнинг янги мажмуага кўчиши озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсишига таъсир қилиши ҳақидаги хавотирларга ҳам изоҳ бериб ўтди. Илк уч ой ичида нархларда тебранишлар бўлиб туради. «Нарх тушади, кўтарилади — энди бу ҳаёт», — деди у.

«Охирги пайтда ўзимизни „Қўйлиқ“ бозорига тушсангиз бир нарсага туртиниб ёки бир жойга йиқилиб, бир нарса бўлишингиз аниқда. Ўзим ҳам ўша ердан бозор қиламан, мажбурман шунга. Лекин биз уни босқичма-босқич кўчирмасак бўлмайди», — деди туман раҳбари.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Қўйлиқ» ва «Эски Жува» бозорларидаги ҳар кунлик нархларни мониторинг қилиб бормоқда. Агар 1 ва 15 декабрь кунларидаги нархларни солиштирадиган бўлса, сабзи, саримсоқ пиёз, лавлаги, бодринг, помидор, пиёз, бақлажон, болгар қалампири, нохот, ловия, гуруч ва бошқа маҳсулотларнинг нархи қимматлашганини кўришимиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, «Қўйлиқ» деҳқон бозори директори ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини, шу боис у бузилмаслигини маълум қилганди.

Унга қадар «Газета.uz» «Қўйлиқ» бозорини кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилинганни ҳақида ёзган эди.