14 март куни Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қаюмов Сингапурга етиб келди ва ўз вазифасини бажаришга киришди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, 54 ёшли дипломат Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган. Узоқ йиллар давомида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ҳамда Германиядаги элчихонада савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида ишлаган.

У элчихона маслаҳатчиси сифатида Австрия ва Венадаги халқаро ташкилотлардаги дипломатик миссияни бошқарган. Хусусий бизнесда, жумладан, хорижда ишлаш тажрибасига эга, дейилади хабарда.

Алишер Қаюмов 2017 йилдан буён Германиядаги элчихонада маслаҳатчи лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

У Ўзбекистоннинг Сингапурдаги (2018−2024) ва Австралияда (2022−2024) ўриндошлик асосидаги элчиси бўлиб ишлаган Қаҳрамон Шокиров ўрнига тайинланди.