6 март куни Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Қаҳрамон Шокиров Сингапур ва Австралиядаги дипломатик миссиясини якунлади, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Элчи Тошкентга қайтишдан аввал Сингапур вазирлик ва идораларида қатор учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон-Сингапур муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар 2023 йилнинг январь ва май ойларида амалга оширилган олий даражадаги ташрифларнинг натижалари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконини бергани алоҳида таъкидладилар.

Қаҳрамон Шокиров Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппарати бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланди.

Маълумот учун, у Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ҳамда Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 53 ёшли дипломат 2018−2024 йилларда Сингапурдаги ва 2022−2024 йилларда ўриндошлик асосида Австралиядаги (қароргоҳи Сингапур шаҳрида) элчиси сифатида аккредитациядан ўтган.