Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84, 211, 245, 249 моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилган. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди. Амалда бунинг учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаган.

Унга кўра, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, қуйидаги миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди:

  • фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача);
  • мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача (6 млн 800 минг сўмдан 8 млн 500 минг сўмдан).

Қонун Сенатда кўриб чиқилганда Юқори палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров 2018−2022 йилларда республика ўрмон хўжаликларида жами 40 та ёнғин аниқлангани, 431 гектар ўрмонзорлар жиддий зиён кўрганини айтганди. Бунинг ҳисобига давлатга 30 млрд сўмдан ортиқ зарар келтирилган.

Ҳужжат билан, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211 моддаси бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш назарда тутилган.

Модданинг фуқароларга нисбатан қўлланиладиган минимал жазо чораси БҲМнинг 0,1 бараваридан 5 бараваригача этиб (34 минг сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 1 бараваридан 10 бараваригача (34 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) этиб белгиланмоқда (амалда фуқароларга БҲМнинг 0,1 бараваридан 1 бараваригача (34 минг сўмдан 340 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 1 бараваридан 3 бараваригача (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади).

Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари қонун билан давлат ёнғин назорати органларига тадбиркорларга тегишли объектларда ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий жазоларни тўғридан-тўғри қўллаш ваколати берилмоқда.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 249-моддасига мувофиқ, давлат ёнғин назорати органларига ушбу кодекснинг 84, 124, 211-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколати берилган.

Бироқ ушбу кодекснинг 245-моддасига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ходимлари, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки бошқа ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга берилган.

Ҳужжат Сенатда кўриб чиқилганда биргина 2023 йилда тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлгани қайд этилганди. Сенаторлар бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамай, ёнғин келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этмаган субъектларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриб бориш ҳам зарур бўлаётганини қайд этганди. Шу туфайли давлат ёнғин назорати органлари қўшимча ваколатларга эга бўлиши мақсадга мувофиқлиги айтилганди.

«Ҳозирда бундай таъсир чораларининг фақат жиноий ишлар бўйича судлар томонидан қўлланаётгани кутилган натижаларни бермаяпти. Аниқроқ айтганда, тегишли даъволарни судга бериш жараёнларидаги босқичлар, расмиятчиликлар, вақт ҳамда долзарблик нуқтаи назаридан қўлланаётган чоралар самарадорлигини пасайтирмоқда. Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддаси 3-қисмига ўзгартириш киритиб, тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ёнғин назорати органларига маъмурий жазо чораларини тўғридан-тўғри қўллаш ваколатини бериш назарда тутилмоқда», — деганди сенатор Борий Алиханов.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.