Сенатнинг 9 февраль куни бўлиб ўтган 50-ялпи мажлисида давлат ёнғин назорати органларига тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий жазо чораларини тўғридан-тўғри қўллаш ваколатини бериш бўйича қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 249-моддасига мувофиқ, давлат ёнғин назорати органларига ушбу кодекснинг 84, 124, 211-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколати берилган.

Бироқ ушбу кодекснинг 245-моддасига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ходимлари, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки бошқа ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга берилган.

Биргина 2023 йилда тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлган.

Сенаторлар бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамай, ёнғин келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этмаган субъектларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриб бориш ҳам зарур бўлаётганини қайд этди. Шу туфайли давлат ёнғин назорати органлари қўшимча ваколатларга эга бўлиши мақсадга мувофиқлиги айтилди.

«Ҳозирда бундай таъсир чораларининг фақат жиноий ишлар бўйича судлар томонидан қўлланаётгани кутилган натижаларни бермаяпти. Аниқроқ айтганда, тегишли даъволарни судга бериш жараёнларидаги босқичлар, расмиятчиликлар, вақт ҳамда долзарблик нуқтаи назаридан қўлланаётган чоралар самарадорлигини пасайтирмоқда. Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддаси 3-қисмига ўзгартириш киритиб, тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда бизнес омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ёнғин назорати органларига маъмурий жазо чораларини тўғридан-тўғри қўллаш ваколатини бериш назарда тутилмоқда», — деди сенатор Борий Алиханов.

Борий Алиханов. Фото: Сенат.Борий Алиханов. Фото: Сенат.

Сенат муҳокама қилган мазкур ҳужжат, бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилашни ҳам назарда тутади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди. Амалда бунинг учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддаси бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланадиган жазо санкцияларини ошириш назарда тутилмоқда.

Модданинг фуқароларга нисбатан қўлланадиган минимал жазо чораси БҲМнинг 0,1 бараваридан 5 бараваригача этиб (34 минг сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 1 бараваридан 10 бараваригача (34 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) этиб белгиланмоқда (амалда фуқароларга БҲМнинг 0,1 бараваридан 1 бараваригача (34 минг сўмдан 340 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 1 бараваридан 3 бараваригача (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади).

Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузгани туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.