Хитойлик инвесторлар Тошкент шаҳридаги эскирган уй-жойлар ўрнида реновация дастури доирасида янги кўп қаватли уйлар қуради. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг сешанба куни президент билан учрашувга бағишланган лавҳасида хабар берилди.

реновация, тошкент

Мисол тариқасида реновация лойиҳаси бошланган Шайхонтоҳур туманидаги Олим Хўжаев маҳалласини (Оқтепа массиви) келтириш мумкин. Хабар қилинишича, хитойлик инвесторлар 1960 йилларда қурилган 568 та хонадонли икки қаватли уйлар ўрнида 3200 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурмоқчи.

реновация, тошкент

Телеканал маълумотларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун бюджет ва банк маблағлари эмас, 360 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади.

2021 йилнинг ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев «Олим Хўжаев» маҳалласида бўлиб, у ердаги икки қаватли уйлар реновация дастурига киритилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди. Давлат раҳбари уй-жойларнинг фойдаланиш муддати аллақачон тугаганини айтган. Янги ҳудудда 9, 12 ва 16 қаватли бинолар қуриш таклиф этилган. «Газета.uz» мухбири Виктория Абдураҳимова 2022 йилнинг март ойида мазкур ҳудуд аҳолисининг уйлари бузилиб, кўп қаватли янги уйларга кўчиб ўтилаётгани ҳақидаги фикрларини ўрганганди.

Февраль ойининг охирида пойтахт ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Тошкентда 500 гектардан ортиқ майдондаги уй-жойлар реновация дастурига киритилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, гап «талабга жавоб бермайдиган, кўп йиллар олдин қурилган икки қаватли бинолар ва вақтинча қурилиб кетган уйлар» ҳақида кетмоқда.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида парламентга йўллаган мурожаатномасида биринчи марта жаҳон мегаполислари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уй-жойларни реновация қилиш дастурини қабул қилиш зарурлигини маълум қилганди.

Ўша йили республика бўйича икки ва ундан юқори қаватли 34 584 та кўп қаватли уйни инвентаризация қилиш натижалари тақдим этилган. 455 та уйда авария белгилари аниқланган (фасаддаги ёриқлар, пойдеворнинг чўкиши, ертўла ва том иншоотларида бетоннинг коррозияси ва бошқалар).

2023 йилнинг ноябрь ойида «Адолат» партияси бу тартиб учун мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида Тошкент шаҳрида янги қурилишларни амалга оширишга қарши чиққанди.