«Адолат» социал-демократик партияси «реновациянинг» мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида Тошкент шаҳрида янги қурилишларни амалга оширишга қарши чиқди.

Аввалроқ Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан янги ёндашувлар, инновацион ва «яшил технологиялар» ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисидаги қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилганди.

Лойиҳага кўра, Чилонзор тумани ҳудудидан Дўмбиробод, Кичик ҳалқа йўли, Дилхуш 2-тор кўчаси кесишмалари оралиғида (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ёки 16-шаҳар шифохонаси қаршисида) жойлашган йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини эгалари билан келишган ҳолда реновация асосида кўп қаватли қилиб қайта қуриш ва 1-қаватида янги замонавий хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

«Адолат» социал-демократик партияси фаоллари ва экспертлари томонидан мазкур қарор лойиҳаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил этилганида унда режалаштирилаётган айрим масалалар юзасидан саволлар юзага келган.

Таъкидланишича, «реновация»нинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, хусусан, уни амалга оширишнинг қатъий талаб ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмасдан туриб, бу борада лойиҳаларнинг амалга оширилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларига путур етказиши мумкин.

Партия мазкур қарор лойиҳасини реновацияга оид қонунчилик асослари мавжуд эмаслигини ҳамда кенг жамоатчилик, шу жумладан Чилонзор тумани аҳолиси билан ҳар томонлама муҳокама қилиб, уларни фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.