Тошкент шаҳар ҳокимлиги санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида бозорларда, жумладан, «Қўйлиқ» бозорида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланганини маълум қилди. Ҳокимликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу вақтда бозор ёпилади.

«Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Ҳокимлик реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган шароитларда давом эттириши таклиф қилган. Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.

Шунингдек, «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира ҳақи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинган ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилган.

Таъкидланишича, бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимларни Food city ва Tashkent Index савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.

«Газета.uz» Тошкент ҳокимлигига ишларни якунлаш муддати ва реконструкцияни амалга оширадиган пудратчи ташкилот ҳақида, шунингдек, иш ниҳоясига етгач тадбиркорлар «Қўйлиқ» бозорига қайтиш имкони бор ёки йўқлиги тўғрисида сўраб сўров юборди.

Бозор кўчирилиши

2021 йил декабрь ойида Тошкент ҳокимлиги йўл кенгайтирилиши муносабати билан деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари Тошкент вилоятига, «Қўйлиқ»дан 6,5 км узоқликда жойлашган Food City савдо марказига кўчирилиши ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» «Қўйлиқ» бозорини кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилинганини ёзганди.

Бу хабарлардан сўнг тадбиркорлар бозорнинг кўчирилишига қарши чиқишди ва улардан беш нафари ҳибсга олинганди. Сотувчилар 1 январгача расталарни бўшатиб, кўчиб ўтишлари кераклиги ҳақида хатлар берилганини маълум қилди.

Орадан бир неча кун ўтиб бозор директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев ЎзАга бозор маъмурияти сотувчиларга билдиришнома тарқатмаганини таъкидлади. «Ҳозирча на шаҳар ҳокимияти, на бозор маъмурияти бизга хабар бергани йўқ», — деганди у.

Бектемир тумани ҳокими Тапил Махамадзияев улгуржи озиқ-овқат бозори босқичма-босқич Food city`га ўтишини тасдиқлади. «Маҳсулотларни Қўйлиқдаги асфальтда сотиш ўрнига, у ерда (Food city`да) сотиш яхшироқ», — деганди у.

2022 йил июнь ойида собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши муносабати билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва «Қўйлиқ» универсал савдо дўкони объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат берган эди.

Ҳокимлик ҳудуди шаҳар эҳтиёжлари учун тортиб олинаётган «Қўйлиқ» бозори бузилмаслигини маълум қилди. Автотураргоҳнинг бир қисми ва вақтинчалик қаторлар йўл ўтказгич қуриш учун ажратилади.