«Ўқув таълим-таъминот» давлат муассасасининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида бюджет маблағлари талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Агентлик 2023 йил Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» давлат муассасаси томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига республика бюджетидан харид қилинган компьютер ва қурилмаларнинг техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда маблағдан қандай фойдаланилганини ўрганди.

Етказиб берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмагани аниқланди, дейилади хабарда. Бу бўйича ҳужжатлар тўпланиб, масъулларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.

Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими аниқлашича, «Ўқув таълим-таъминот» ДМ (Ҳозирда фаолияти тугатилган) ва «Smart Sales Leader» (Машиналар, ускуналар, саноат ускуналари, сув кемалари ва ҳаво кемалари улгуржи савдоси бўйича агентлар фаолияти) МЧЖ шартнома тузган. Унга асосан, жамият етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситаларни етказиб бермай, жами 919 млн 360 минг сўм миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Икки ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари кетмоқда.