АҚШ Олий суди мамлакат собиқ президенти Дональд Трамп Колорадо штатидаги Республикачилар партиясининг праймериз сайловларида сайлов бюллетенига киритилиш ҳуқуқига эга экани тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда CNN.

Декабрь ойида Колорадо суди 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришда иштирок этгани учун Трампнинг республикачилар праймеризида иштирок этишини тақиқлаган эди. Суд бу қарорни АҚШ Конституциясига қўзғолонда қатнашган мансабдор шахслар ҳукумат лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги тўғрисида киритилган 14-тузатиш асосида қабул қилганди.

Суднинг қарори муҳим ҳодиса бўлганди — АҚШ тарихида биринчи марта суд президентликка номзодни Конституцияга киритилган 14-тузатишга кўра дисквалификация қилганди. Шунга ўхшаш тақиқлар билан яна иккита штатда кузатилди: Мэн ва Иллинойсда.

Трамп Колорадо суди қарори устидан АҚШ Олий судига шикоят қилди, 4 март куни суд унинг фойдасига қарор чиқарди. Суд қарори бутун мамлакат бўйлаб мажбурий ҳисобланади. Шу тариқа бошқа штатлардаги тақиқлар ҳам олиб ташланиши кутилмоқда.

CNN Олий суд ҳукмини яна АҚШ президентлигига интилаётган Трампнинг «катта ғалабаси» деб атади. Сиёсатчининг ўзи бу қарорни олқишлади. «Америка учун катта ғалаба!!!» — деб ёзди у.