АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга ўтган йилнинг август ойида унинг қароргоҳида топилган махфий ҳужжатлар юзасидан жиноий иш бўйича расман айблов эълон қилинди, деб ёзмоқда The New York Times.

2022 йил ёзида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго мулки бўйича рейд ўтказган ва 11 мингта ҳужжатни, жумладан, «ўта махфий» деб белгиланган ҳужжатларни мусодара қилган.

Нашрнинг ёзишича, айблов етти эпизоддан иборат бўлиб, улар орасида махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш, ёлғон кўрсатма бериш ва одил судловга тўсқинлик қилиш мақсадида тил бириктириш кабилар мавжуд.

Иш тафсилотлари 13 июнь куни маълум бўлиши кутилмоқда. Терговни махсус тайинланган прокурор Жек Смит бошқаради. Трампнинг ўзи айбловни рад этмоқда. У эълон қилган баёнотида шундай деди: «Мен бегуноҳ одамман!»

Бу Дональд Трампга қўйилган иккинчи айблов ва федерал прокурорлар томонидан АҚШнинг собиқ президентига қўйилган биринчи айбловдир.

Аввалроқ Трамп 2016 йилда порноактриса Сторми Дэниэлсга у билан жинсий алоқада бўлгани ҳақида сукут сақлаши учун пул тўлаганликда айбланганди. Прокуратуранинг фикрича, Трамп сайловолди ташвиқоти маблағларидан фойдаланган. Бу иш бўйича суд 2024 йил март ойида бошланади.

2022 йил ноябрь ойида Трамп бўлажак сайловларда Республикачилар партиясидан президентликка номзодини қўйишини эълон қилган. Агар у бирон-бир айблов бўйича айбдор деб топилса ҳам, Трамп ўз номзодини илгари суришда давом этиши мумкин.