CNN телеканали ва The New York Times газетаси хабарларига кўра, Жоржия штатидаги Катта ҳакамлар ҳайъати АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини бекор қилишга уринишда айблади.

Маълумот учун: АҚШда 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Жо Байден 306 сайловчи овози билан ғалаба қозонган. Дональд Трамп 232 та овоз олган. Ўшанда Трамп мағлубиятини тан олмаган ва овоз бериш натижалари сохталаштирилганини даъво қилганди.

Трампдан ташқари яна 18 киши айбланмоқда. Улар орасида собиқ президентнинг адвокати Руди Жулиани ва Оқ уй администрациясининг собиқ раҳбари Марк Медоуз ва Адлия вазирлигининг собиқ ходими Жеффри Кларк бор.

«Трамп ва бошқа айбланувчилар Трамп [2020 йилги президентлик сайловида] мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортган ва била туриб, сайлов натижаларини ноқонуний равишда Трамп фойдасига ўзгартириш учун бу ишга қўшилган», — дейилади айблов хулосасида.

Трампга 13 та пункт, жумладан, жиноий ташкилотлар тўғрисидаги қонунни (RICO Act) бузганлик, сохталаштириш учун тил бириктириш ва мансабдор шахсни қасамёдини бузишга ундаш бўйича айбланган.

Жоржия штатидаги Фултон округи прокуратураси Трампнинг Жоржия давлат котиби Брэд Раффенспергер билан телефон суҳбати аудиоёзуви 2021 йил январь ойида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганидан кейин бу иш бўйича суд жараёнини бошлаган. Трамп Раффенспергердан сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш учун етарли овозларни «топиш»ни талаб қилган ва сўров рад этилган тақдирда, уни жиноий жавобгарлик билан қўрқитган. Тергов 2,5 йилдан ортиқ давом этди.

25 августга қадар собиқ президент ва қолган айбланувчилар судья ҳузурига ихтиёрий равишда келишлари керак. Олти ой ичида ишни кўриб чиқишни бошлаш режалаштирилган.

Бу АҚШнинг 45-президентига қарши очилган тўртинчи жиноий иш ҳисобланади. Бунгача Трампга Капитолийга бостириб кириш, Флоридадаги қароргоҳида махфий ҳужжатларни сақлаш ва порноактриса Сторми Дэниэлсга жим юриши учун тўлов қилишда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланган.

Трамп ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, булар 2024 йилги сайловда президентликка қайта сайланишига йўл қўймаслик учун сиёсий сабабларга кўра «жодугар ови»нинг бир қисми эканини даъво қилмоқда.

2022 йил ноябрида Трамп бўлажак сайловларда Республикачилар партиясидан президентликка номзодини қўйишини эълон қилган. Сўровлар шуни кўрсатадики, Қўшма Штатларнинг собиқ раҳбари, ўзига қарши очилган жиноий ишларга қарамай, машҳурлик борасида республикачи рақибларидан сезиларли даражада ўзиб кетган.

Трамп гумонланаётган жиноятларда айбдор деб топилган тақдирда ҳам, президентликка номзодини қўйишда давом этиши мумкин.