Иллинойс округ суди собиқ президент Дональд Трампни 19 март куни бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясидаги праймеризда сайлов бюллетенидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда CNN.

Суд бу «кутилмаган» қарорни АҚШ Конституциясига давлат лавозимларида ишлашни тақиқловчи 14-тузатиш асосида қабул қилди, дея қайд этди телеканал. Собиқ президентга қарши даъво бир гуруҳ сайловчилар томонидан «Free Speech For People» адвокатлик ташкилоти билан биргаликда қўзғатилган.

Суд қарори ҳали кучга кирмаган ва Трамп жамоаси апелляция бериши мумкин.

Иллинойс Трампга Республикачилар партиясининг праймеризларида қатнашишни тақиқлаган АҚШнинг учинчи штатига айланди. Илгари шунга ўхшаш асослар бўйича қарорлар Колорадо ва Мейн штатлари судлари томонидан қабул қилинган.

Трамп Колорадодаги праймеризлардан четлатилганига қарши Олий судга апелляция берди, биринчи эшитувлар февраль ойи бошида бўлиб ўтди. Мутахассислар ўз хулосаларига кўра, суд собиқ президентга мойил бўлиб, унинг фойдасига қарор чиқариши мумкин, деб ҳисобламоқда. Агар бу содир бўлса, бошқа штатлардаги тақиқлар ҳам олиб ташланиши керак.

Олий суд, шунингдек, 22 апрель куни Трампнинг 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уриниши тўғрисидаги айбловга бўлган иммунитети бўйича суд мажлисини ўтказишга рози бўлди. Илгари иккита қуйи суд унга қарши қарор чиқарган эди.

14-тузатишнинг учинчи қисми 1868 йилда Америка фуқаролар урушидан кейин собиқ Конфедерация амалдорларини ҳокимиятдан четлатиш учун қабул қилинган. Замонавий даврда у камдан-кам қўлланилади. Колорадодаги суд уни президентликка номзодга қарши биринчи бўлиб қўллади. Суд шуни аниқладики, Трамп 2020 йилги сайловлардан сўнг натижаларини бекор қилишга уринган ва ўз тарафдорларини 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришга ундаган. Сиёсатчи бу айбловларни рад этади.

  • АҚШ президентлигига интилаётган Трампга нисбатан унинг бизнес ва сиёсий фаолияти билан боғлиқ камида тўртта алоҳида жиноий иш очилди, деб ёзади New York Times. Гап Жоржияда 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уриниш, 2021 йил январида Капитолийга бостириб кириш, махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилиш ва президентлик сайловолди кампанияси маблағларини ноқонуний сарфлаш ҳақида кетмоқда.
  • Умуман олганда, Трампга 90 дан ортиқ моддалар бўйича айблов қўйилган. Молиявий фирибгарлик бўйича биринчи суд жараёни 25 март куни бошланади.
  • Аввалроқ Нью-Йорк суди АҚШ президентлигига даъвогар Дональд Трампни молиявий фирибгарликда айбдор деб топди ва унга 355 миллион доллар жарима солганди. Шунингдек, унга Нью-Йоркдаги ҳар қандай корпорацияда уч йил давомида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тақиқланди.