YouTube`нинг ўзбек сегменти учун 2023 йил баракали келди — видеоконтент яратувчилар сони ҳам, сифати ҳам сезиларли ошди. Контент кўпайгач, томошабинда танлов машаққати ҳам пайдо бўлади. Йил якунида «Газета.uz» ўзбек таҳририяти шу машаққатни бироз бўлса-да юмшатиш мақсадида ўзбекистонликлар томонидан тайёрланган YouTube-контент бўйича ўз тавсиялари билан бўлишган эди. Ўша материал кутилганидан кўра катта қизиқишга сабаб бўлди, шу боис таҳририят YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини бериб боришга қарор қилди.

Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда сўнгги бир йиллик даврда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил февраль ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан февраль ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир карра эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

«Мифономика». Бюджет дефицити хавфли эмас

«Мифономика» лойиҳаси турли соҳа вакиллари билан одамлар орасида иқтисодиёт ҳақида тарқалган мифлар ва янглиш тасаввурларни муҳокама қилишга қаратилган. Лойиҳанинг 7-сонида иқтисодчи Миркомил Холбоев «Бюджет дефицити хавфли эмас» деган миф ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Ой материали». Сўровномалар ва «Док-1 Макс» судидан репортажлар қандай тайёрланади?

«Ой материали» подкастида «Газета.uz»да бир ой давомида эълон қилинган материаллар орасидан таҳририят танловига кўра энг яхшиси танланиб, унинг муаллифлари билан материални тайёрлаш жараёни ва унга сиғмай қолган жиҳатлар ҳақида гаплашилади. 2024 йилнинг январь ойи якунлари бўйича «Ой материали»да аниқ бир мақола ҳақида эмас, балки сўнгги ойларда энг кўп кўрилган ва ўқилган материаллар — YouTube’да эълон қилинаётган сўровномалар ҳақида Миролим Исажонов ва «Док-1 Макс» иши судидан тайёрланган репортажлар ҳақида Зиёда Рамазонова билан подкастлашилди.

Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарларини суратга олган Шоназар Иброҳимов билан суҳбат

1970−2006 йилларда ЎзА агентлиги, «Тошкент бинокори», «Халқ сўзи» газеталарида фотожурналист сифатида ишлаган Шоназар Иброҳимов нафақат Ўзбекистон ҳаётининг турли жабҳаларини, балки Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримов каби Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлари иш жараёнини ҳам кадрларга муҳрлаган. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов 77 ёшли фахрий фотожурналист Шоназар Иброҳимов хонадонида бўлиб, у билан суҳбатлашди.

«Нима ўқиймиз?» Адабиётшунос Акбар Нурматов тавсия қилади

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳаси доирасида сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини етказади. Адабиётшунос, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани Акбар Нурматов лойиҳанинг навбатдаги меҳмони бўлди

«НОқулай шаҳар». Шаҳарни юқоридан қараб режалаштириш керак эмас — урбанист Ҳусан Мукимов

Тошкентдан шарқда 800 минг аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳарчаси қурилиши кутилмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат томонидан янги шаҳарлар қурилиши кўп кузатилган. Айни вақтда улар йўл қўйган классик хатолар Янги Тошкентни қуришда эътибор марказида бўлиши керак. «НОҚулай шаҳар» лойиҳасининг навбатдаги сонида урбанист Ҳусан Мукимов Янги Тошкентни қуришга қанчалик зарурат бор ёки йўқлиги, шаҳарни аслида кимлар қуриши кераклиги ва давлат қурадиган шаҳарда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолар ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Рус тилида: Дарахтларнинг кесилиши ва қурилишлар аллергияга қандай таъсир қиляпти? Аллерголог билан интервью

Январь ойи бошида Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши сабабларини эълон қилди. Улар орасида дарахтларнинг кесилиши ҳам бор. Халқаро молекуляр аллергология маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Гулнора Жамбекова Ўзбекистон пойтахтидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари аллергик касалликларнинг кенг тарқалишига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Рус тилида: «Қуёш институти»да таъмир. Гелиокомплекс қанчалик ўзгаради?

Тез орада «Қуёш институти»да катта таъмирлаш ишлари бошланади. Мажмуа биноларининг фасад ва деразалари янгиланади, гелиостатлардаги барча ойналар алмаштирилади. Иш 2024 йил охиригача якунланиши керак. Шундан сўнг институт халқаро тадқиқот марказига айлантирилиши режалаштирилмоқда. Институт директори Одилхўжа Парпиев гелиокомплекс ишида таъмирлаш ишларидан кейин қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, сўнгги бир йиллик даврда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube-лойиҳалардан айримларининг 2024 йил февраль ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

«Лолазор». Жаҳонгир Ортиқхўжаев нимадан норози?

«Лолазор» подкастининг 11-сонида муаллифлар тадбиркор ва собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан протекционизм, ёпиқ қарорлар билан бериладиган имтиёзлар, ҳокимликдан кетиш сабаблари, футбол, «Пахтакор» клуби ва стадиони тақдири, экология, тадбиркорнинг хориждаги мулклари, самолёти ва кемалари, Magic City боғининг сотилиши ва шу каби бошқа мавзуларда суҳбатлашди. Собиқ ҳоким суҳбат давомида журналист ва блогерларни танқид қилиб, уларнинг айримларини УЖЖ — «уюшган жиноий журналистлар» деб атади ва улардан «сал пастроққа тушишни» ва ўзларини «бутун жамоатчилик» деб ҳисобламасликни сўради. Ой давомида «Лолазор»да сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан ҳам суҳбат уюштирилди.

Alter Ego. Рус тилида: «Ўзбек тилини ё босқинчилар, ё аҳмоқлар билмайди» — Шерзодхон Қудратхўжа билан интервью

Кирилл Альтман журналист, телебошловчи, сиёсатшунос, сиёсий фанлар номзоди, доцент, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжадан интервью олди. Суҳбат ойнинг энг кўп шов-шувли материалларидан бирига айланди. Интервьюда Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у россиялик сиёсатчиларнинг баёнотларига жим туриш мумкин эмаслигини қайд этиб ўтган. Суҳбат эълон қилингач «Россотрудничество» Шерзодхон Қудратхўжа ва унинг тузилмалари билан алоқаларни узишини билдирди. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси эса Россия ТИВга чақирилди.

Кирилл Альтманнинг лойиҳасида бу ойда яна болалар омбудсмани Сурайё Рахмонова ҳам меҳмон бўлди. Бундан ташқари, наркотикларлардан қандай сақланиш мумкинлиги ҳақидаги кўрсатув ҳам эълон қилинди.

«Техноплов»: Катта оға. Бизни қандай назорат қилишади?

Ушбу видеода исталган одамнинг исталган маълумотини топиб олиш мумкин ёки йўқлиги ҳақидаги саволларга жаво изланган.

«Магнит». Нега Марсга чиққанлар ундан қайта олишмайди?

Одамзот нега Марсга интилаверади? Агар қачондир инсоният Қизил сайёрага кўчиб кетса, уни нималар кутади? «Магнит» лойиҳасининг 2-сонида шу каби саволларга жавоб изланган.

«НмаГап». [СУҲБАТ] «Кучимни кўчада кўрсатмайман!» — Баҳодир Жалолов

«НмаГап» лойиҳасининг бу сонида боксчи, Олимпиада ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов меҳмон бўлди. Шунингдек, «НмаГап»нинг февраль ойидаги сонларида кўриш билан боғлиқ муаммоларга қарамай ижрочи-пианистлар орасида Италия ва Испанияда ўтказиладиган халқаро танловлар ғолиби Мирсаид Мухторов ва «ўзбекнинг кичкина табиби» — Дилшодбек Каттабеков ҳам қатнашди.

«Кулгилектуал шоу». Расул Кушербаев, Кундузий, Расул24, Ислом Каримов ва Нозим Сафари

«Кулгилектуал шоу»да иштирокчилар бошловчининг қизиқарли ва мантиқий саволларига тўғри ёки кулгили жавоб бериши талаб этилади. Тўғри жавоб учун 2 балл, кулгили жавоб учун 1 балл берилади. Ўйин давомида фаол бўлиб, энг кўп балл тўплаган иштирокчи эса пул мукофотига эга бўлади. Кўрсатувнинг бу сафарги сонида собиқ депутат Расул Кушербаев, блогер Кундузий, комик Расул24 ва стендапер Ислом Каримов меҳмон бўлган.

«Пакапак». Samsung S24 ULTRA vs. iPhone 15 Pro Max — CAMERA BATTLE

Қайси смартфоннинг камераси кучлироқ — Samsung S24 Ultra ёки iPhone 15 Pro Max?

102 tv. Ҳамид Содиқ: Жамият сиёсий уйғоқ бўлиши керак

Ҳамид Содиқ яна бир бор «102 tv» лойиҳасида меҳмон бўлди. Унда нима учун жамият сиёсий жиҳатдан уйғоқ бўлиши кераклиги ҳақида фикр алмашилган. Ушбу лойиҳада ой давомида блогер Кундузий ва хонанда Анвар Санаев билан ҳам суҳбатлар эълон қилинди.

«Фикр етакчилари». Насия савдо, деҳқонлар Korzinka’га кириши, халқаро экспатлар, хусуси марка яратиш — Зафар Ҳошимов

Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмоновнинг YouTube-каналида бериб борилаётган «Фикр етакчилари» подкастида бу сафар тадбиркор Зафар Ҳошимов меҳмон бўлди ва у билан насия савдо, халқаро экспатлар, хусусий марка яратиш ҳақида фикр фикр алмашилди.

«Марказий сектор». Хайрулла Ҳамидов — ютқазсак ҳам пенальтилар сериясида ютқазайлик деб ўтирдим

«Марказий сектор» — янги подкаст-лойиҳа бўлиб, унинг 1-сонида футбол шарҳловчиси, журналист Хайрулла Ҳамидов меҳмон бўлди. Унда асосан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки ҳақида гаплашилган. Журналист Суперлиганинг янги мавсумига клубларнинг ёндашуви борасида ҳам ўз фикрларини билдирган, подкаст охирида Ўзбекистоннинг барча даврлардаги рамзий терма жамоасини тузди.

«Улар». Фарҳод Толипов Ўзбекистон Россияга қандай жавоб қайтариши кераклиги ҳақида

«Улар» подкастининг навбатдаги меҳмони сиёсатшунос, «Билим карвони» нодавлат илмий-таълим муассасаси директори ҳамда Вебстер университети профессори Фарҳод Толипов бўлди. Суҳбатда ахборот хуружлари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, «ожизлик комплекси», Россиянинг тажовузкор дипломатияси ҳамда халқаро сиёсий майдон ҳақида фикр алмашилган.

«У ким эди?» 24 ёшида давлатни бошқарган Ўзбекистон асосчиси | Файзулла Хўжаев

Блогер Нурбек Алимов ўзининг «У ким эди?» лойиҳасида бу сафар Файзулла Хўжаев шахсиятини яқиндан таништиришга ҳаракат қилган. Бундан ташқари, февраль ойида Нурбек Алимов Муссолини шахсияти ҳақида ҳам видео эълон қилганди.

«Қурултой». Амир Темур дипломатияси: элчилар ва айғоқчилар, Клавихо ва Боязид Йилдирим

«Қурултой» лойиҳасининг навбатдаги сонида Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими Санжар Ғуломов меҳмон бўлди. Лойиҳа муаллифлари меҳмон билан Амир Темур фаолиятининг кам муҳокама қилинган жиҳатлари, унинг дипломатик фаолияти ҳақида суҳбатлашди. Бундан ташқари, февралда лойиҳанинг Туркистон армияси, Убайдуллахон, Усмон Юсуповга бағишланган сонлари ҳам эълон қилинди.

«Асосчилар Подкаст». Энг яхши инвестиция — билимга қилинганидир

Турли лойиҳалар асосчилари билан суҳбатлашиладиган «Асосчилар» подкастининг навбатдаги сонида «Thompson School» таълим маркази асосчиси Шаҳзод Баҳодиров билан фикр алмашилган.

«Ucast». Рус тилида: Ҳаммаси Ўзбекистондаги e-commerce ва маркетплейслар ҳақида. Uzum Market бош директори Ильшат Ҳаметов

Электрон тижорат ўзбекистонликлар ҳаётига дадил кириб келди. «Ucast» лойиҳаси меҳмони бўлган Uzum Market бош директори Ильшат Ҳаметов Ўзбекистонда онлайн чакана савдо қандай ишлаётгани, нима учун Uzum Market компания ривожи учун 100 млн доллардан зиёд маблағ сарфлагани, контрафакт маҳсулотлар ва унга қарши кураш, 2024 йил режалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Sigma Podcast. Ўзбекча маркетинг сирлари. Шахрух Низамутдинов

«Сигма» подкастида меҳмон бўлган тадбиркор, маркетолог, креатив директор Шахрух Низамутдинов сунъий идрокнинг маркетингга таъсири, Ўзбекистон бозорида маркетингга бўлган талаб, иш бошлашда кўпчилик йўл қўядиган хатолар ҳақида гапирган.

Uzbekonomics. Протекционизм (яна), ўзбекистонлик ишчиларга виза масаласи ва экология (яна) ҳақида

Иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов протекционизм ва экология мавзуларини, шунингдек, ўзбекистонлик ишчиларга виза берилиши масаласини муҳока қилди.

«YouTube Ўзбекистон». YouTube’да интернетни портлатган видеонинг сири — «Нурли Медиа»

«YouToube Ўзбекистон» каналида салкам ярим миллион обуначига эга «Нурли Медиа» лойиҳаси муаллифи Эркин Ғайбуллаев билан интервью эълон қилинди. Унда бундай катта аудитория қандай тўплангани, қайси платформаларда контент тайёрлаб пул топиш мумкинлиги, ўзбек тилида айнан қайси йўналишларда контент тайёрлаш кераклиги, «Нурли Медиа»нинг ўзи қанча даромад топиши ҳақидаги саволларга жавоблар берилган.

«Қудуқ». Бузилаётган Тошкент ёхуд Чингизхон фариштами? Элдар Асанов ва Бектош Хатамов

Тилшунос, журналист ва блогер Элдор Асанов «Қудуқ» лойиҳасида Ўзбекистондаги илмий ишлар, алифбо масаласи, бузилаётган Тошкент, плагиат, журналистларнинг президентга мурожаати каби масалалалар юзасидан фикрлари билан бўлишди.

«Аслида». Иброҳим Ғафуров билан

Меҳриноз Аббосова ўзининг «Аслида» лойиҳасида таниқли таржимон, Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғофуров билан суҳбатлашди.

«Қўштирноқ Подкаст». Нега абитуриентларнинг кўрсаткичлари пасаймоқда?

«Қўштирноқ Подкаст»нинг бу сонида 10 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган репетиторлар абитуриентларнинг кириш имтиҳонларидаги ўртача баллари нима учун йилдан йилга пасайиб кетаётгани, оилавий муҳитнинг ўқишга таъсири, тарбия қаерда берилиши кераклиги, пуллик мактаб ғояси ҳақида фикр алмашди.

«Олмонистон». Украинага рус босқини, интеграция ва Олмониядаги ҳаёт

Лойиҳанинг 5-сонида кўп йиллар Украинада яшаб ишлаган, Россия босқини оқибатида оиласи билан бирга Украинани тарк этишга мажбур бўлган ва ҳозирда Германияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Эгамберди Турсунов меҳмон бўлди. Шунингдек, феврал ойида эълон қилинган яна бир сонда Германиянинг Бавария округида агрономия соҳасида фаолият юритиб келаётган икки ўзбекистонлик — Санжар Маҳкамов ва Исмоил Жўраевлар билан қишлоқ хўжалиги, фермерлар ва кластер тизими ҳақида суҳбатлашилди.

«Book.uz». Ижодкорни даҳога айлантирган аёл. Иброҳим Ғафуров, Хуршид Дўстмуҳаммад

«Book.uz» ўзининг YouTube-каналида Анна Достаевскаянинг «Хотиралар» асари ҳақида таржимон, Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ўзаро суҳбатини эълон қилди.

«Archemistry Urban». Тошкент кўчаларида пиёда юрса бўладими? Мирзо Зоминий билан пиёда суҳбат

Урбанист Искандар Солиев ўзининг Archemistry Urban лойиҳаси доирасида блогер Мирзо Зоминий билан Юнусобод кўчаларини айланди ва умуман Тошкентда пиёдалар ҳаракати давомида дуч келадиган муаммоларни кўрсатиб ўтди. Искандар Солиев ўтган ойда ҳудду шу форматда Ўрик гули таҳаллуси билан танилган экоблогер Мўтабар Хушвақтова билан ҳам суҳбатлашди.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.