Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев YouTube`даги «Лолазор» подкастида ҳокимликдан кетгани сабаблари ва бу унга қандай таъсир қилгани, президент қарорларини муҳокама қилмаслиги ва бошқа масаларларда гапирди.

Ортиқхўжаев ҳокимлик фаолияти ҳақида гапираркан, бу вақт давомида кўп хатолар қилгани, буларни кетганидан кейин англаб етганини таъкидлади.

«Авваломбор, ҳокимликка қўйиш ҳам, олиш ҳам президентимиз ихтиёрларида. Мен ҳурматли президентимиздан нимага ҳоким қилиб қўйдингиз, деб сўрамаганман ва нимага мени кетказиб юборибди эканлар, деб ҳам шубҳа қилган эмасман. Сўрамадимми, шубҳа ҳам қилганим йўқ. Лекин, тўғрисини айтаман, жуда кўп камчиликларим бўлди, кўп хатолар ҳам қилдим, чунки мен олдин сиёсатда ишлаган эмасман, давлат идораларида умуман ишламаганман. Мен бизнесдан келдим, қўлимдан келганича қандайдир меҳнат қилдим, ишлашга ҳаракат қилдим, лекин хатоликларим кўп бўлди. Ҳеч бўлмаганда, шу хатоликларни қилмасам ҳам, имкониятим бор эди. Буни кетганимдан кейин билдим», — деди у.

Собиқ ҳоким, шунингдек, ишдан олинишига фақат энергия масаласи эмас, бошқа масалалалар ҳам сабаб бўлганини айтди.

«Ҳурматли президентимизнинг ўзларидан ҳам узримни сўрадим. Хатолик бўлди. Хатолик фақат ўша энергия масаласида эмас, бошқа масалаларда ҳам. Шу сабабдан кетган бўлсам керак. Тўғрисини айтаман, мен ҳурматли президентни нафақат мен билан бўлган, балки бошқа қарорларини ҳам муҳокама қилмайман. Менга шунақа ўргатишган. Рухсат берсангиз, Қуръонда Нисо сурасининг 59-ояти бор: „Ўз ичингдан чиққан ишбошларга итоат қил“, деган жойи бор. Мен президентимизга итоатдаман, уни ўйлаб ўтиришга ҳам, муҳокама қилишга ҳам ҳаққим йўқ. Қанча умрим бўлса, шунча итоатда бўламан», — деди Ортиқхўжаев.

У, бундан ташқари, ишдан олинганидан кейин сиқилмаганини, ҳар нарсанинг хайрлиси бўлишини ва ҳокимликдан кетганидан сўнг сиёсатни ҳам соғинмаганини таъкидлади.

«Ҳозир иш яхши кетяпти. Агар унга ўхшаган жойлар [ҳокимлик мансаби]дан кетсангиз, атрофингизда ҳеч кимингиз, бошқа ишингиз ва бориб келадиган жойингиз бўлмаса, амалдан кетиш одамлар учун ўлимга тенг, балки. Лекин менинг борадиган жойим, бошқа лойиҳаларим бор. Мана, президентимиз топшириғи билан Сурхондарёда қуруқ порт ишга туширамиз, масалан. Бекор ўтирганим йўқ, ўйлашга ҳам вақтим йўқ. Умуман, президент айтдими, қиламан. Қанийди, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, амалга оширса, аравани ҳамма ҳар қаерга тортмаса, ошмайдиган лойиҳалар ҳам амалга ошиб кетади. Биз буни ҳаётимиз, ишхонамиз, тажрибамиз, ўзимнинг бизнесларимда ҳам кўрганман. Шунинг учун мен кўп гапирмай, нима қарорлари чиқса, жоним фидо ишлайман. Биз солдатмиз, биз фуқаромиз», — деди у.

Ортиқхўжаев ҳокимликдан олинганидан сўнг Туркияга қочиб кетаётганида аэропортда тўхтатиб қолингани айтилган хабарларга муносабат билдираркан, бундай ишлар бўлмагани, ушлаб қолинмаганини айтди.

«Ўзи рухсат бор эди, 3−4 кундан кейин ҳужжатларни топшириб, бола-чақам билан дам олгани Туркияга кетдим. У ердан кейин Сингапурга бордим», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг декабридан 2023 йилнинг 16 январигача — пойтахтдаги энергетика инқирози фонида президент томонидан ишдан бўшатилгунига қадар Тошкент шаҳри ҳокимлигини бошқарган.