Ўзбекча YouTube — 2023
«Газета.uz» ўзбек таҳририяти жамоаси тавсия қилади
YouTube'нинг ўзбек сегменти учун 2023 йил баракали келди - видеоконтент яратувчилар сони ҳам, сифати ҳам сезиларли ошди. Контент кўпайгач, томошабинда танлов машаққати ҳам пайдо бўлади. «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси YouTube'даги 2023 йилги ўзбекча контент бўйича ўз тавсиялари билан бўлишади ва бу машаққатни бироз бўлса-да юмшатишга ҳаракат қилади.
YouTube'нинг ўзбек сегменти учун 2023 йил баракали келди - видеоконтент яратувчилар сони ҳам, сифати ҳам сезиларли ошди. Контент кўпайгач, томошабинда танлов машаққати ҳам пайдо бўлади. «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси YouTube'даги 2023 йилги ўзбекча контент бўйича ўз тавсиялари билан бўлишади ва бу машаққатни бироз бўлса-да юмшатишга ҳаракат қилади.
Интервьюлар
Маъмуржон Обраҳматов тавсия қилади
видео оператор
YouTube O'zbekiston каналидаги деярли барча интервьюлар қизиқ. Уларни қолдирмай кўраман. Сабаби менинг иш фаолиятим шу видеохостинг билан ҳам боғлиқ. Қандай анализ қилиш кераклиги, нималарда хато қилиш умуман мумкинмаслиги, видео тайёрлашда ким учун қайси омил кўпроқ муҳимлигини шу интервьюлар орқали билиб оламан.
Шоҳрух Ҳайдаров тавсия қилади
мухбир
Ўзбек тилида бошқа интервью контент кўрмас эканман, ўйлаб қарасам. Тўғри, интернет нашрлариники ҳам бор, лекин улар бир йўналишга ихтисослашмаган. Бу лойиҳа бошида «портлаб» медиа маконга кириб келди. Афсус, охирги пайтларда сусайди. Унда чиқадиган мутахассисларнинг фиклари доим қизиқ, шунинг учун ҳам томоша қилсам керак.
Шаҳзод Ҳабибуллаев тавсия қилади
видео оператор
Ҳозирча Subyektiv YouTube каналидаги сўнгги интервью Активист номи билан танилган Хожиакбар Носиров билан бўлиб турибди. Активист бу образми ёки шахсий позиция наъмунаси саволига жавоб бера олган ушбу видео мен учун 2023 йилдаги энг яхши интервью бўлиб турибди. Унда Активист лойиҳасидаги қийинчиликлар, видеосуриштирувлар жараёнида бўлиб ўтган қизиқарли ҳолатлар ҳақида гапириб берилган.
Гулираъно Мусаева тавсия қилади
журналист
Ўзбекистон ногиронлиги бор шахслар учун ҳар томонлама ноқулай давлат. Ҳаммага шароит тенг бўлиши кераклиги айтилса-да, улар ҳаёти давомида, кундалик турмушда дуч келадиган муаммо ва тўсиқларни биз ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. «Газета.uz» нашрида эълон қилинган мазкур ижтимоий фойдали суҳбатда эса ҳамма истаган маълумотни олаётган бир вақтда, мамлакатимизнинг 70 мингдан ортиқ фуқароси китоблар танқислиги борасида дуч келадиган эҳтиёжини қондирувчи манфаатли лойиҳа ҳақида самимий маълумот берилади. Ижтимоий тенглик тарафдори бўлганим, инклюзив ечим ва тизимли чоралар кўрилиши керак деб ҳисоблаганим, қолаверса, муаммолар фақат ногиронлиги бўлган шахслар эмас, биз яшаётган жамиятники деб билганим учун ҳам бу каби мавзулар ҳақида кўпроқ гапириш, кўриш ва улашиш керак деб ҳисоблайман.
Беҳзод Ҳошимов
Баҳодир Абдуллаев тавсия қилади
мухбир
Беҳзод Ҳошимовнинг иқтисодиёт соҳасидаги илм эгалари билан қиладиган суҳбатларини кўришни тавсия қиламан. Бу интервьюлар иқтисодий жараёнларни яхшироқ тушунишга, шунингдек, илм-фан ҳозир қайси босқичда эканини кўришга ёрдам беради.
Подкастлар
Муҳрим Аъзамхўжаев тавсия қилади
муҳаррир
Бу йил куздан Узнет мавжларида «Оддий подкаст» деган бир (нисбатан барқарор) подкаст пайдо бўлди (бир замонлар «Оддий» номли зўр, ўз имзосига эга дизайн-студия бўларди — ўша студияга алоқадор — ўша ердан чиққан деса ҳам бўлар — одамларники, адашмасам). Технологик ўзгаришлар ва технологиялар ҳаётимизни қандай ўзгартираётгани ҳақида. Видеоформати йўқ (лекин бўлиб қолар — охирги сафар шуни ҳам муҳокама қилишди), лекин эпизодларини YouTube'га ҳам қўйиб боришади. Овоз сифати ҳаминқадар бўлса-да, барибир тавсия қиламан.
Нуруллоҳ Шарипов тавсия қилади
муҳаррир
Подкастлардан энди NmaGap`га етадигани йўқ деб ўйлайман. Подкастнинг айнан бир ролигини кўрсатолмайман. Ҳа, майли, 2 та роликка линк бериб кета қолай. Шокир ва Ситора Каримова иштирокидаги подкастларни тавсия қиламан. Подкастнинг менга ёқадиган тарафи ўта нейтрал ва табиий эканида. Подкастлар бор — қандайдир сунъийлик уфуриб туради ёки жамиятнинг қайсидир ғоявий қатлами (феминист, диндор, либерал) томонидан тайёрланган ва ўша ғоя асосида суҳбат бўлади. NmaGap`да эса ундай нарса йўқ.
Муштарий Оқбоева тавсия қилади
мухбир
Бу подкаст Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганаётганларга таниш. Агар сиз тил ўрганувчилар орасида янги бўлсангиз, бу лойиҳа айнан сиз учун. Унда инглиз тилини билиш сертификатларини олиш, унга тайёргарлик кўриш, умуман олганда тил ўрганишда керак бўладиган муҳим тавсиялар берилади. Мамлакатдаги IELTS`дан максимал - 9 балл олганлар, бундан ташқари етакчи IELTS инструкторлар ўзаро суҳбат қуриб, сиз учун керакли фикрларни айтади. Ростини айтганда, бу лойиҳани ўзим ҳам тил ўрганиш баҳонасида топдим. Ўзим учун керакли хулосалар ҳам чиқаряпман дея оламан.
Маъмуржон Обраҳматов тавсия қилади
видео оператор
Youtube`да подкаст кам эшитаман. Йил давомида кўп марта эшитган подкастим Loyiha подкастлари экан. Нима учун бу муҳим? Чунки, лойиҳада гапириладиган мавзулар жамиятимизда ўта нозик/табу ва эксклюзив ҳисобланади.
Рустам Ашуров
Гулираъно Мусаева тавсия қилади
журналист
Мутахассислар таклиф қилиниб, турли соҳага доир фикрлари билан бўлишадиган Fancast`ни ўзбек сегментидаги фойдали подкастлардан деб биламан. Ортиқча «сувлар»дан ҳолилиги, муайян мавзуда қизиқарли факт ва илмий асосланган маълумотлар билан ўта тушунарли баён қилиниши билан ҳам ўзига хос. Ҳар бир сони қизиқарли бўлгани учун Fancast`нинг барча сонларини кўриб чиқишни тавсия қиламан.
Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов
Баҳодир Абдуллаев тавсия қилади
мухбир
Бу подкастда кўплаб мавзуларнинг иқтисодий мантиғи муҳокама қилинади. Иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов жамият ҳаёти учун актуал бўлган мавзуларда ўзаро фикр алмашишади.
Мусиқий клиплар
Шоҳруххон
Муҳрим Аъзамхўжаев тавсия қилади
муҳаррир
Ҳамма клипларни кузатишга вақт қайда дейсиз. Бу йил бутун Ўрта Осиёни забт этган «Жанзе», «Жана» каби қўшиқларнинг клипларини ҳам базўр яқинда кўрдим. Албатта, Жаҳонгир Отажоновнинг клипларини ҳар сафар чиқиши билан кўраман. Лекин бу йил энг ёққани — Шоҳруххоннинг «Ойжамоли». Клип ҳам, қўшиқ ҳам хоҳланг илҳом, хоҳланг ўғирлик деб аталмиш нарсага тўла. Шунга қарамай (аниқроғи, айнан шуниси билан), менга жуда ёқди. Бунда ҳал қилувчи омил, балки, «Келинлар қўзғолони» учун композитор Мирҳалил Маҳмудов ёзган мусиқадан ҳам фойдаланилганидир (дарвоқе, Майкл Жексоннинг «Триллер»идаги «мурдалар рақси» саҳнаси ҳам яхши «кўчирилган» — оригиналдаги ўша саҳна ҳам ёқади).
Конста & Саҳар гуруҳи
Нуруллоҳ Шарипов тавсия қилади
муҳаррир
Констанинг қўшиқлари, шу билан бирга клиплари ёқади. Янгича услуб десам бўлар-а) Мусиқа одамга мотивация беради, қўшиқлар эса ҳаётга «пушти кўзойнаклар»сиз қарашга чорлайди. Констанинг Саҳар гуруҳи билан биргаликда айтган «Яшагим келар» қўшиғи ҳам ёқди. Клип ва қўшиқ ЙТҲларнинг аянчли оқибатларига бағишланган. Бу муаммо сабаб Ўзбекистонда йилига 2000 мингдан ортиқ одам вафот этаётган бир вақтда бу ва бунга ўхшаш клиплар жуда ҳам долзарб деб айта оламан.
Маъмуржон Обраҳматов тавсия қилади
видео оператор
AslWayne ижодини ҳурмат қиламан. Оддий боланинг ҳаётидан гапирадиган матнлар, ёқимли, кези келса рақсбоп, баъзида эса ғамгин мусиқа билан турли кайфиятларни беради. Шунинг учун бу ердаги мусиқаларни тавсия қила оламан.
Баҳодир Абдуллаев тавсия қилади
мухбир
Констанинг ижоди мен учун у унча таниқли бўлиб улгулмасидан олдин кўпроқ ёқар эди. Ўша вақтдаги қўшиқлар матнлари қандайдир бошқача, бўлакчадек туюлади. "Сени севаман" кўпчиликка танилиб улгурганидан кейин ёзилган трек бўлишига қарамай, ўша эски Констани эслатади, менимча. Клип эса унинг фаолиятидаги энг муваффақиятлиларидан бири.
Кўнгилочар контент
Нуруллоҳ Шарипов тавсия қилади
муҳаррир
Кўнгилочар контент сифатида кўпинча Sahna стендапларини кўраман. Миршакар Файзуллоев ва унинг жамоаси яхши стендап шоулар тайёрлашяпти. Нега кўраман? Шу, ростан ҳам ишим йўқлигидан) Баъзида иш бўмай қолади ёки тушлик вақти овқатланаётганда кўраман. Айнан бир концертини тавсия қилолмаяман, ҳаммаси яхши.
Муштарий Оқбоева тавсия қилади
мухбир
Kunduziy каналида бериб бориладиган солиштирма видеолар айнан санъат борасидаги қизиқиш ва фикрларингизни ўзгартириши мумкин.
Маъмуржон Обраҳматов тавсия қилади
видео оператор
ISOMTV канали ҳар доим YouTube`нинг ўзбек сегменти учун кайфиятни кўтара оладиган видеолар тайёрлайди. Видеолар асосан ҳафтанинг дам олиш кунида чиқиши мен учун қулай. Аудитория билан хисоблашадиган каналлардан бири.
Шоҳрух Ҳайдаров тавсия қилади
мухбир
Иқтидор эгаларининг қўшиқ айтишга бўлган иштиёқи ва чинакам маҳоратини томоша қилиш завқ беради. Шунинг учун шу контентни томоша қиламан. Одатда, The Voice, «Ну ка все вместе», Eurovision танловларини кузатиб бораман. Ўзбекча бўлгани учун менда X-Faktor варианти бор. Кўнгилочар контентлар дам олиш кунларида ёки ишдан кейин мияга дам беради, шахсан, шундай деб ўйлайман.
Гулираъно Мусаева тавсия қилади
журналист
Кўнгилочар контент кўриш учун Afisha.uz нашрининг YouTube каналини кузатиб бориш, хусусан, охирги вақтда ҳамкасбим Миржалол Қосимов тайёрлаган интервью ва қизиқарли контентларни кўздан қочирмасликни тавсия қиламан. Ишни Сарвар Каримов билан суҳбатдан бошлаганингиз маъқул.
Жиддий мавзудаги контент, ҳужжатли филмлар
Муҳрим Аъзамхўжаев тавсия қилади
муҳаррир
Бу суҳбатми ё интервьюми ё қизиқарли контент, аниқ билолмадим, лекин дастлаб «Ишонч» газетасининг YouTube-саҳифасида эълон қилиниб, сўнг ўчириб ташланган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақидаги материални ҳам тавсия қилган бўлардим. График жиҳатдан, монтажи бўйича оламшумул бирор нарса йўқдир, лекин унда айтилган фикрлар, менимча, жуда муҳим. Бизда айрим тарихий шахсларни керагидан ортиқ кўкка кўтариб юбориш, бошқаларини эса асоссиз равишда эътиборсиз қолдириш одат тусига кириб қолган ва бундай ёндашув, афсуски, 2016 йилдан кейин ҳам ўзгараётгани йўқ. Ҳамза ҳам шундай муносабатга учраганлардан — мустақилликкача 50−60 йил улуғланган, сўнг «қора рўйхат»га тушиб қолган. Аслида эса у (ва бошқалар ҳам) холис ва ҳаққоний эътиборга лойиқ — жуда мақтамайлик ҳам, лекин тарихимиздан ўчиришга ҳам уринмайлик. Журналист Мафтуна Каримова, менимча, ўз видеоматериалида шундай демоқчи бўлган.
Нуруллоҳ Шарипов тавсия қилади
муҳаррир
Активист тайёрлайдиган контент шу категорияга тушса керак-а) Фуқаролар ўз ҳуқуқи учун курашиши, маҳсулот сотиб олаётганда нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақидаги элементар тавсияларни беради, амалда кўрсатади.
Муштарий Оқбоева тавсия қилади
мухбир
Унда қизиқарли маълумотлар содда тарзда етказилади. Адашмасам, интервью шаклида бериб борилмайди. Бу кўпроқ ҳужжатли фильмларга мос бўлиши мумкин.
Шоҳрух Ҳайдаров тавсия қилади
мухбир
Ўзбек тарихи ҳақида шу пайтгача мавҳум бўлиб келган ёки мифга айланган воқеликларни соҳа мутахассисларидан эшитиш ёқади. Унинг иштирокчиларидан бири Эльдор Асановнинг фикрларини олдиндан кузатиб, ёқлаб келардим. Бу подкастда улар бор, бу кўришимга яна бир сабаблардан бири.
Шаҳзод Ҳабибуллаев тавсия қилади
видео оператор
Ушбу йил учун менга маъқул бўлган жиддий мавзудаги ҳужжатли фильмни замовий YouTube блогсферасининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Саъдулла Абдуллаев муаллифлигидаги Texnoplov канали тайёрлади — «Ёш қандай аниқланади? Ер неча ёшда?». Кўпчилик археология соҳасидаги тахминий йиллар осмондан олинмаслиги ва аниқ илмий таҳлилга эга эканлиги содда тушунтирилган видео.
Баҳодир Абдуллаев тавсия қилади
мухбир
Бу лойиҳа подкастлар категориясига ҳам, жиддий мавзудаги контент категориясига ҳам тўғри келади. Лекин қайси категорияда кўрсатилиши унчалик муҳим эмас, унда муҳокама этилаётган мавзулар, айтилаётган фикрлар томошабинга фойдали бўлади деб ўйлайман.
Тавсияларни Баҳодир Абдуллаев тўплади.
«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.