Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Лолазор» подкастида Миллий боғ ҳудудидаги Magic City кўнгилочар боғи лойиҳаси қандай пайдо бўлгани ҳақида гапириб берди.

«Тахминан 2016 йилларнинг охирида Тошкентда бир тадбиркор Роҳат тарафда „Диснейленд“ қураман деб сўз берган. Қуролмади… Шунда биз таклиф билан чиқдик. Шу жой [Миллий боғ]ни оламиз, шунақа жой [Magic City]га айлантирамиз. Орқасида аттракционлар ва кичкина аквапаркчалар ҳам бўлиши керак эди. Кейин биз унинг моҳияти йўқолиб қолади, деб ундан ўзимиз воз кечдик… Биз кичкина шаҳарда шунақа одам бўлиши керак, бошқа бўлиши керак деб Magic City кўрсатилди, тақдимот қилинди ва қабул қилинди. 49 йилга 55 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан ижарага берилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, мажбуриятлар бажарилган, керакли сумма ошиғи билан инвестиция қилинган.

«Худди шунақа қарор „Алпомиш“ спорт саройига ҳам чиққан. Худди эски ҳолатидек қилиб тиклаш керак бўлган. У умуман фойда келтирмайиган сарой эди. Қилдикми, қилдик. Уни гапирмайсизлар сизлар. „Алпомиш“ қандай бўлган бўлса, шундай жойига қўйганмиз биз. Magic City масаласи [сотилиши] бўйича, тўғрисини айтаман, муаммо кўп: ижарачилар бор, бошқаси бор, минг нафар одам келади, тадбирлар бўлади, одамлар йиғилади, фавворалар отилади, мушак отади… Аммо менда бошқа ғоялар ҳам бор, бу билан чегараланиб қолган жойим йўқ-ку?» — деди у.

Собиқ ҳокимнинг айтишича, у аслида 7 эмас, 12 та МЖЧни сотган (аввалроқ «Газета.uz» уларнинг айримлари ҳақида ёзганди). Унинг компанисида иқтидорли менежерлар бошчилигидаги лойиҳа гуруҳлари ишлайди, улар орасида лойиҳалар тақсимлаб борилади. Гуруҳлар хорижга чиқиб келиб, лойиҳаларни Ўзбекистонга мослаштириш устида ишлайди.

«Лойиҳалар тайёр тураверади. Агар уларнинг яхши техник-иқтисодий асослари бўлса, пулимизга қараб амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Агар ҳозирги бозор шароитларига тўғри келмаса, ташлаб қўяверамиз. Бизда 200−400 та лойиҳа туради. Гуруҳлар ишлайди, муҳокама қилади, бошқаради. Шундан кейин у жой жозибадор жойга айланади, одамлар келишни бошлайди, пул тўлашни бошлайди. Лекин менга бу аллақачон ортиқча. Мен бошқа лойиҳани қилишим керак. Ҳаммаси меники бўлсин, мени чўнтагимда бўлсин — унақа нарсаларни ёмон кўраман», — деди у.

«Кейин уларга [менежерларга] айтаман, мана шу компания, сен эгаси бўл, менинг банкдан кредитим бор, шу қарзимни бўйнинга оласанми, олсанг, 5−10 йилда қутиласан, сеники бўлиб қолади, розимисан [дейман]. Олади, нима бўлади натижада? У ўзиники бўлганидан кейин мендан ҳам, олдингидан ҳам кўп ишлайди. Олдин менинг қўлимда ишлаётганди-ку? Мен ишчи яратмайман, мен ишчиларга иш берувчи яратаман. Менежерлар яратаман, чиқараман… Лекин Magic City`ни бошимни ачитмасин деб, камроғига, зарарига бердим…Давлатда „Ортиқхўжаев 49 йил яшасин“ деб ёзилмаган-ку?», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Собиқ ҳоким, шунингдек, Миллий боғда аттракционлар қурилиши режалаштирилган қисми президент топшириғи билан «сокин» жой сифатида қолганини таъкидлади.

Шунингдек, у истироҳат боғи ёнида жойлашган Discover Invest офисини 2013 йилда кимошди савдосида аввалги эгасидан 23−24 млрд сўмга сотиб олганини таъкидлади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, Magic City`ни танқид қилувчи баъзи одамлар бу боғда кечки пайт болалари билан сайр қилади. Шунингдек, у паркка йилига 2,3 млн, Tashkent city`га 4,1 млн киши келганини маълум қилди.

«Нима қиламиз ўзимизни ўзимиз алдаб, бу ёмон деб? Факт кўрсатиб турибди-ку? Балки сизга ёқмас, лекин бошқаларга ёқар», — деди у.

Маълумот учун, Magic City истироҳат боғи Миллий боғ ҳудудида 2021 йил июн ойида очилган. Лойиҳа инвестори Akfa таркибига кирувчи Stargate Systems компанияси ҳисобланади. Компания 20,79 гектар парк ерини 49 йиллик ижарага олган.

Устав капитали 426,9 млрд сўм бўлган Stargate Systems компанияси таъсисчилари Tashkent Aquarium (86,2 фоиз) ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси) ўғли Алишер Абдужабарович Абдувоҳидов (13,8 фоиз) ҳисобланади. Алишер Абдувоҳидов эса Tashkent Aquarium (100 фоиз), шунингдек, Artel Technical School ва бошқаларга эгалик қилади.

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда Tashkent Aquarium Stargate Systems МЧЖнинг 99,9 фоиз улушини 371,4 млрд сўмга сотиб олган ва бу ўтган йилнинг энг йирик битимларидан бири бўлган.