Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Лолазор» подкастида электротехника саноатида импортга чекловлар жорий этиш ҳақида гапириб, ҳар қандай импорт чеклови қўйилишига қарши эканини, бундай чоралар унинг корхоналарига зарарлигини таъкидлади.

«Бизнинг компанияга қолса, Artel, техника масаласини олсак, биз ҳар қандай импорт чеклови қўйилишига қаршимиз. У бизга зарар. Очиқчасига зарар келтиради. Биз ҳисоблаб чиқдик, тўлаётган солиқлар ҳам, импорт учун солиқлар ҳам „ноль“ бўлса, биз ютар эканмиз, кўпроқ фойда топар эканмиз», — деди у.

Тадбиркор солиқлар деганда айнан қайсиларини назарда тутаётганига ҳам изоҳ берди.

«Масалан, ҚҚС масаласини айтишингиз мумкин. ҚҚС бутун дунёда бор. Мен, масалан, 200 долларлик музлаткич ишлаб чиқараман. 200 долларлик музлаткичга 24 доллар қўшилган қиймат солиғи тўлашимиз керак. Лекин четдан 197 долларлик музлаткич кириб келяпти, 15 доллар инвойс ёзиляпти. У неча пул тўлаяпти? 15 доллардан 12 фоиз — 2 доллар тўлаяпти. Мен Ўзбекистонда ишлаб чиқариб, 24 доллар солиқ тўлаяпман. У четдан ўша музлаткични олиб келиб, 2 доллар солиқ тўлаяпти. Мен қандай қилиб у билан рақобатлашаман?» — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

«Биз тенг ҳуқуқларга асосланган бозор [рақобатига] тайёрмиз», — дея қўшимча қилди тадбиркор.

Аввал хабар берганимиздек, 25 декабрда бўлиб ўтган ҳукумат комиссиясининг Жамшид Ходжаев бошчилигидаги 118-сонли йиғилиши баёнида («Газета.uz»да нусхаси мавжуд) электротехника соҳасида мамлакат корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича президент қарорида назарда тутилмаган қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Уларнинг рўйхатида маиший техника импорти учун ўртача 10 фоиз ставка билан антидемпинг божини жорий этиш, маҳсулотларни экспорт қилишда электротехника корхоналари томонидан «факторинг» ва «валюта курсини хеджирлаш» хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизми, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар ва хомашё импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш ва бошқа кўплаб чоралар мавжуд.

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон электротехника ишлаб чиқарувчиларига йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар, 2027 йилгача солиқ имтиёзлари, маркетинг тадқиқотлари харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, давлат харидларида имтиёзлар ва яна бошқа кўринишдаги имтиёзлар ҳам берилади.

Бундан ташқари, 1 февралдан Ўзбекистонга музлаткичлар, радиаторлар, чангюткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва бошқа жиҳозларни олиб кириш учун мамлакатда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерларининг бўлиши талаб қилинади. Шу билан бирга, улар сервис хизматларини кўрсатиши ҳам талаб этилади.