2021 йил декабрь ойида 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов жазони манзил колонияда ўтамоқда, деб ёзди Kun.uz манбаларига таяниб. Олий суд маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Акрам Раҳмонқулов 2021 йил январида Жиззахда қурилаётган олти қаватли бино қулаши ортидан лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда қурилиш вазири Ботир Зокиров бино қурилишида «тўғридан-тўғри коррупцион схема» бўлганини таъкидлаганди, Шавкат Мирзиёев эса Акрам Раҳмонқулов «президент сиёсатига хиёнат қилган»ини айтган.

Тошкент вилояти суди 2021 йил 29 декабрь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида уни солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ваколатни суиистеъмол қилиш, даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этишда айбдор деб топиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм,172 та дўкон, кўп қаватли уйлардаги 14 та хонадон, 43 та автомашина ва бошқа кўчмас мулклар зарарни ундириш учун хатланганини маълум қилган. Жиноий иш бўйича жами 27 нафар шахс, жумладан, Акрам Раҳмонқуловнинг тўрт нафар укаси — Акбар, Алишер, Аброр ва Адҳам Раҳмонқуловлар ҳамда унинг ўғли Ш.Баҳриддинов иштирок этган.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz»га тушунтиришича, Раҳмонқуловнинг 7,5 йиллик муддати 2021 йил 15 январь — ҳибсга олинган кундан бошлаб — 2028 йил 15 июлгача давом этади. Унинг жазо муддати тугашига 5 йил 2 ой 3 кун қолганида Жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди 2023 йил 12 майдаги ажрими билан Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан уни умумий тартибли колониядан манзил колонияга ўтказган.

Манзил колонияларга тузалиш йўлига ўтган, оғир жинояти учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар ўтказилади.

Манзил колонияларда маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланади. Эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланади. Агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин. Шунингдек, фуқаролар киядиган кийимда юради, пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин.