2023 йилда Ўзбекистонда 3599 нафар вояга етмаганлар (13−17 ёшли) жиноят содир этгани учун рўйхатга олинди. Бу ўтган йилга нисбатан 15,6 фоизга (3112 та) ва 2021 йилга нисбатан (2595) 40 фоизга кўпдир. Бу бўйича Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисобот эълон қилди.

2020 йилда 1276 та (2023 йилга нисбатан 2,8 баробар кам), 2019 йилда эса 818 та жиноят қайд этилган. Шундай қилиб, беш йил ичида жиноят содир этган вояга етмаганлар сони 4,4 баробарга ошганини кўриш мумкин. Аввалроқ 2019−2023 йилларда Ўзбекистонда қайд этилган жиноятлар сони 2,3 баробарга ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўтган йили жиноят содир этган 3599 нафар вояга етмаганларнинг (бу жиноят содир этган 88913 нафарнинг 4 фоизи) 82,6 фоизи жиноий жавобгарликка тортилган.

Улардан 744 нафари 13−15 ёш, 2855 нафари 16−17 ёшлилардир. Қизларнинг улуши 8,7% — 314 кишини ташкил этди.

Жиноят содир этган вояга етмаганлар энг кўп — 700 нафар Фарғона вилоятида қайд этилган. Кейинги ўринларда Тошкент — 545, Наманган вилояти — 451 ва Тошкент вилояти — 345 киши. Энг паст кўрсаткичлар Жиззахда — 54, Навоийда — 62 ва Хоразм вилоятларида — 66 киши.

жиноят, статистика

Жиноят турлари бўйича вояга етмаганларнинг аксарияти ёки 1602 нафари ўғрилик (бир йил аввал — 1581 нафар), 453 нафари безорилик (284 нафар, ўсиш 60 фоиз), 135 нафари фирибгарлик (134 нафар), 181 нафари талончилик ва босқинчилик (162 нафар, +11%) содир этган, 104 нафари қасддан баданга оғир шикаст этказиш (74, +40%), 54 нафари — номусга тегиш ва номусга тегишга уриниш (46, +20%), 27 киши — товламачилик (16, +70%) 12 нафари эса қасддан одам ўлдириш ва одам ўлдиришга уриниш (10, +20%) жиноятини содир этган.

жиноят, статистика

Шунингдек, вояга етмаганларнинг 57 нафари гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ёки сотиш, 121 нафари ўлимга олиб келмайдиган йўл-транспорт ҳодисалари, 4 нафари қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни тайёрлаш ёки сотиш каби жиноят қилган.

Жиноят содир этилган вақтда уларнинг 2730 нафари талабалар, 510 нафари ишчилар, 148 нафари ишламайдиган ёки ўқимайдиган, 8 нафари хизматчилар, 190 нафари бошқа тоифаларга мансуб болалар бўлган.

«Газета.uz» Ўзбекистонда 2023 йилда қайси жиноятлар кўпайиб, қайси жиноятлар камайганини ҳам ёзганди.

Шавкат Мирзиёев февраль ойи бошида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида гапирар экан, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «жиноятга қарши иммунитет»ни шакллантириш тизимини яратиш зарурлигини таъкидлаганди.

Кейинроқ мактаб инспектор-психологлари таркиби Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши маълум қилинди. Тез орада Миллий гвардия мактабдаги давоматни назорат қилиш билан шуғуллана бошлади.

Президент болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни касбга йўналтириш, таълим-тарбия бериш, ўқувчиларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини ташкил этиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.