Шавкат Мирзиёев душанба куни ўтган видеоселектор йиғилишида тарбия ва маънавият мактаблардаги оғриқли масалалардан бири эканини таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби маълум қилди.

2023 йилда вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.

Сўров мактаб директоридан бўляпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларни шароити ва тарбияси билан шуғулланмаяпти, деди президент.

Шу муносабат билан мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, президент ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет» яратиш бўйича тизим қилиш зарурлигини таъкидлади.

Келтирилишича, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касбга йўналтириш, тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан бирга ишлаб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чораларни кўриш муҳим.

Маҳалла раислари ҳар ой мактабларда ота-оналар билан учрашиб, маҳалла ва мактабдаги муҳитни муҳокама қилиши мақсадга мувофиқ. Мактабларда таниқли шоир ва ёзувчилар, спортчилар, фахрийлар, жамиятда обрўга эга инсонлар билан учрашувларни кўпайтириш лозим.

Қолаверса, болалар тарбиясини яхшилашга, ота-оналар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган миллий контентни маҳалла ва таълим муассасаларига етказиб туриш топширилди.

Мутасаддиларга «мактаб — ота-она — маҳалла» занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга тушириш топширилди.

Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқларни таҳлил қилиб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш ва ижобий томонидан фойдаланиш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларга содда тилда қўлланмалар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, мактабга мослашиш ва китобни севишга ўргатиш, яхши хулқли бўлиш, атрофидагилар билан мулоқот қилишни ўрганиш ва билим олишга кучли иштиёқни шакллантириш, касб танлаш, жамиятга мослашиш, катта ҳаётга қадам қўйишда фарзандларга қандай йўл-йўриқ бериш зарур, деган саволлар юзасидан ота-оналар учун халқчил тилда материаллар тайёрланади.

«Юқорида айтилган ташаббуслар амалиётда йўлга қўйилса, ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади», — деди давлат раҳбари.