23 февраль куни Навоий шаҳридаги 2-мактабнинг ўғил бола ўқувчилари спорт залига олиб кирилиб, сочлари оммавий равишда калталангани ҳақида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, бу директорнинг ташаббуси бўлиши мумкин. Тармоқларда тарқалган суратда давоматни текшириш учун мактабларга тайинланган Миллий гвардия ходимлари томонидан жараён кузатиб борилаётганини кўриш мумкин. Расмий изоҳларда ММТБ бошлиғи ва болалар омбудсмани бундай муносабатга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Миллий гвардия эса уларнинг ходимлари жараённи тўхтатишга уринганини билдирди.

Бу ҳолат акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, воқеа кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Аксарият фойдаланувчилар мазкур ҳолатни қоралаб, уни Конституцияга зид, шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқнинг бузилиши дея баҳолади. Хусусан, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Шоира Исакованинг фикрича, тарбиянинг бу усули олдин натижа берган бўлиши мумкин, лекин ҳозирги болалар учун бу усул ишламайди.

«Умуман олганда, шахс чегараси бор, деб кўп марта гапирганмиз. Бировнинг чегарасини бузиб кириш ўша инсонда атрофидагиларга нисбатан нафрат, ғазабни қўзғатади. Миллий гвардиянинг таълим тизимига аралашуви ортидан фақат давомат, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш кўзланган эди. Энди эса… Болалар руҳиятига таъсир этган ҳолда оммавий соч олиш бошланган. Болалар билан аввал суҳбат, она-онаси билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Миллий гвардияда ишлайдиган ходимлар болалар ва ўсмирлик даври психологиясини яхши ўзлаштирган, керак бўлса, педагог ёки психолог бўлиши шарт. Тарбиянинг бу усули олдин натижа берган бўлиши мумкин, лекин ҳозирги болалар учун бу усул ишламайди. Болалар қалбида мактабга ва одамларга нисбатан уйғотилган нафрат барибир ўз таъсирини кўрсатади», — деди у.

Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалилов Telegram каналида мазкур мавзуда кўплаб постлар қолдирди. Унинг таъкидлашича, мактабни ўқувчилар учун дўстона муҳит эмас, қамоқхонага айлантириш тажрибалари давом этмоқда.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, аслида мажбуран соч олдириш воқеаси Конституция ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга зид амалиётлигидан ташқари, ўқувчининг мактаб маъмурияти томонидан таҳқирлашнинг (буллинг, ҳаррасмент) бир кўринишидир. Бундай таҳқирланишга дучор бўлган ўқувчининг мактабга ва ўқишга муносабати ижобий бўла олмайди.

Таълим эксперти «мактаб спорт залида оммавий таҳқирланган болалар» юзасидан ҳалигача на вазир Ҳилола Умарова, на вазирликнинг расмий саҳифалари ва на вазирлик ахборот хизмати раҳбари бирон-бир муносабат ёки изоҳ бермаганини таъкидлади. Кейинроқ вазирлик вакили ҳолат бўйича мана бу видеони ўзининг Telegram каналига жойлади.

Собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам мактаб қамоқхона эмас, деган фикрни такрорлади. «Навоийдаги мактабда болаларнинг сочлари мажбурий оммавий олиниши «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг бузилиши ҳисобланади. Афсуски, Миллий гвардия ҳам мактабларга қамоқхона қиёфасини бермоқда», — деб ёзди у.

Шунингдек, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «етарлича шароит яратилмаган мактабларда» ўқувчилардан формаси саришталиги ёки соч турмагини сўраш ва бунга катта ресурс сарф этиш ортиқча, деган фикрни илгари сурди:

«ЮНИСЕФнинг яқинда чиққан рақамларига кўра, ватанимизда тахминан 20 фоиз мактабларда оддий сув ва санитария таъминоти мавжуд эмас. Оддий тилда айтсак, тахминан ҳар бешинчи мактабда ҳожатхона ва сувда қўлни ювиш учун минимал санитария шароитлари қилинмаган. Лекин мактабларга сармояни биз „хавфсизлик“ ниқоби остидаги театрга сарфламоқдамиз. Давоматни текшириш керак эмас демаяпман, лекин ҳозирги шароитда, пулларни мактабларни қуролланган қўриқловга эмас, масалан, мактабларга сув, ҳожатхона, кутубхона ва компьютерларни олиб беришдан бошласак, менимча таълим сифати ва давомат каби нарсаларга яхшироқ таъсир қилар эди. Ўқитувчиларга кўпроқ тўласак, менимча, форма кийган одамларни мактабда юришга зарурати қолмайди».

«Айтмоқчиманки, учдан бир мактаб ўқувчилари қорни етарлича тўймайдиган жойда, бешдан бир мактабларда ўқувчилар ҳожатхонадан фойдалана олмайдиган шароитда ўқувчилардан формасининг саришталиги ёки соч турмагини сўраш ва бунга шунча ресурсни сарф этиш, менимча, ортиқча. Чунки бошқа жойларга шу ресурсларни сарф қилсак — фойдаси анча кўпроқ бўлар эди», — дея ёзмоқда иқтисодчи.

Ҳолат ҳақида тармоқларда даставвал хабар берган журналист Шуҳрат Шокиржонов бунақа тажриба дунёнинг бирорта давлатида йўқ, демоқда:

«…"Мактабга сочингни ўстириб келибсан», «кроссовка кийиб келибсан», «форма кийиб келмабсан» дея ўқувчиларни террор қилиш билан кўзланган мақсадга ҳам эришиб бўлмайди, педагог обрў ҳам қозонмайди. Ахир бунақа тажриба дунёнинг бирорта давлатида йўқ. КХДР ҳисобга олинмаса. Биз кимга қараб ўрнак олишимиз керак ўзи? Нега ясаган нарсаси тандир бўлиб қолаверадиган анув кинодаги қаҳрамонга ўхшаб, буларнинг қилган иши «советский союз» бўлиб қолаверади, а? Бундай тизим ярамаслиги, бир тийинга қимматлиги туфайли ҳам ўша кўпчилик оғзидан сўлаги оқиб мақтайдиган, эслайдиган «советский союз» таназзулга юз тутди. Шуни унутмасак бас", — дейди блогер.

Молиячи Отабек Бакиров ва бошқа фойдаланувчилар тармоқларда тарқалган расмни каналига қўйиб, остида қуйидагича изоҳ ёзди:

Бундай изоҳлар X (собиқ Twitter) тармоғида ҳам кенг тарқалди. Улардан айримларини қуйида ҳавола қиламиз:

болалар, ижтимоий тармоқлар, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, миллий гвария, соч калталаниши, ҳилола умарова

болалар, ижтимоий тармоқлар, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, миллий гвария, соч калталаниши, ҳилола умарова

болалар, ижтимоий тармоқлар, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, миллий гвария, соч калталаниши, ҳилола умарова

болалар, ижтимоий тармоқлар, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, миллий гвария, соч калталаниши, ҳилола умарова

болалар, ижтимоий тармоқлар, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, миллий гвария, соч калталаниши, ҳилола умарова

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг ташқи қиёфасини ҳаддан ташқари тизимлаштиришга уринишлар мунтазам содир бўлмоқда. Гоҳ болаларнинг сочлари узунлиги ёки пайпоқларининг калталиги ўлчанса, гоҳ соч турмаги учун уларга танбеҳ берилади. Бундан ташқари, мактабга кроссовка кийиб боришни тақиқлашга ҳам ҳаракат қилиб кўришган.

Шу билан бир пайтда, Кембриж университети тадқиқоти шуни кўрсатдики, мактаб формаси болаларнинг, айниқса, кичик синфларда ўқийдиган қизларнинг ҳаракатчанлигини чеклаши мумкин. Олимлар буни юбка ёки кўйлакда фаол ўйинларда қатнашиш қизлар учун ноқулай экани билан боғлайди. Улар мактаб формаси мажбурий бўлган мамлакатларда болалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) кунига 60 дақиқалик тавсиясидан камроқ ҳаракат қилишини аниқлаган.