Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Kun.uz сайтида эълон қилинган ўқитувчи болаларни мактабга кроссовкада келгани учун танбеҳ бергани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

«Мана, ҳурматли ота-оналар, «кроссовка кийиш мумкин эмас», деб «завуч»нинг ўзи айтиб кетди. Мен йил бошида ҳам айтдим. Ҳозир бирор текшириш келиб қолса нима бўлади? Жисмоний тарбия бўладиган бўлса, сумкасига формаси билан пакетчага солиб, олиб келиш керак эди. Тасаввур қилинг — менинг жойимда сиз ўтирибсиз, нима қилган бўлардингиз?» — дейди ўқитувчи видеода.

Бошқарма маълумотларига кўра, воқеа Навоий шаҳридаги 6-мактабда содир бўлган. Бошқарманинг таъкидлашича, «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари«да ўқувчиларга мактаб ҳудудида ва дарс жараёнлари давомида қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилган. Унда ўқувчилар таълим муассасасига мактаб уставида белгиланган ўқувчилар либосида келиши кераклиги кўрсатилган.

«[Ҳужжатда] ўқувчилар таълим муассасасига кроссовкада келмаслиги керак деган талаб мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Навоий вилоятидаги мактабларда ўқувчилар кийимини тартибга солиш бўйича текширув ишлари олиб борилиши белгиланмаган. 6-мактаб маъмурияти ва ўқитувчилари иштирокида бу борада зарур тушунтириш ишлари олиб борилган.