Навоий шаҳридаги 2-мактабда ўғил бола ўқувчилар спорт залига олиб кирилиб, сочлари оммавий равишда калталанди, деб ёзмоқда Kun.uz ўз манбасига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, мактаб директори Нурқобил Юсупов сартарошни таклиф қилиб, турли синфдаги йигитларни йиғиб, сочларини кестирган. Материалга илова қилинган суратда давоматни текшириш учун мактабларга тайинланган Миллий гвардия ходимлари томонидан жараён кузатиб борилаётганини кўриш мумкин.

Навоий вилояти мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитованинг айтишича, бундай хатти-ҳаракатларни ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди.

«Мактабга ҳозир одам жўнатдим. Ўзи кеча гаплашгандим шу мактаб директори билан. Ушбу мактаб фаолиятини тўлиқ ўрганамиз. Бу ҳолат умуман мумкин эмас. Бундай директор ишда қолиши ҳам мумкин эмас аслида. Мактабда ўқувчининг сочига тегишга [ҳеч кимнинг] умуман ҳаққи йўқ. Педагогнинг этика қоидасига тўғри келмайди бу», — деди бошқарма бошлиғи.

Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаевнинг айтишича, Миллий гвардия ходимлари мактаб директорининг бу ташаббусига қарши чиққан.

«Бириктирилган ходимларимиз давомат назорати учун мактабга борганида ушбу ҳолатнинг устидан чиқишган. Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган», — деди у.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова «Газета.uz»га берган изоҳида ҳолатни «мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган», дея атади.

«Бундай ҳаракатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Биринчи навбатда, ўқитувчининг бундай ҳаракати умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид. Муҳими эса, боланинг шахсий дахлсизлик эркинлигига ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади. Мазкур ҳаракатга йўл қўйган мактаб директорига нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур. Ҳозирда бу каби номақбул ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам келгусида юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилмоқда», — деди болалар омбудсмани.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг ташқи қиёфасини ҳаддан ташқари тизимлаштиришга уринишлар мунтазам содир бўлмоқда. Гоҳ болаларнинг сочлари узунлиги ёки пайпоқларининг калталиги ўлчанса, гоҳ соч турмаги учун уларга танбеҳ берилади. Бундан ташқари, мактабга кроссовка кийиб боришни тақиқлашга ҳам ҳаракат қилиб кўришган.

Шу билан бир пайтда, Кембриж университети тадқиқоти шуни кўрсатдики, мактаб формаси болаларнинг, айниқса, кичик синфларда ўқийдиган қизларнинг ҳаракатчанлигини чеклаши мумкин. Олимлар буни юбка ёки кўйлакда фаол ўйинларда қатнашиш қизлар учун ноқулай экани билан боғлайди. Улар мактаб формаси мажбурий бўлган мамлакатларда болалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) кунига 60 дақиқалик тавсиясидан камроқ ҳаракат қилишини аниқлаган.