Тошкент вилояти Олмалиқ кон-металлургия комбинати қошидаги мисни бойитиш фабрикаси қурилишида содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши очилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни соат 08:00 ларда Олмалиқ шаҳри Саноат зонаси ҳудудида жойлашган янги қурилаётган «3-сонли мисни бойитиш фабрикаси»да, бирламчи маълумотга кўра, темир конструкциялари сурункали қор ёғиши оқибатида қулаб тушган.

Ҳодиса оқибатида қурувчи компаниянинг 32 нафар ишчиси (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган (Бош прокуратура уларнинг сони 45 та эканини айтганди), улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонага жойлаштирилган.

Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, бу 3-МБФ қурилиши чоғидаги биринчи бахтсиз ҳодиса эмас. Келиб тушган видеоларда (таҳририятда мавжуд) ишчиларнинг қурилиш майдончасида иш вақтида жароҳат олгани акс этган. Бундай ҳолатларнинг айримлари, шу жумладан, ишчиларнинг айби билан ҳам содир бўлмоқда, бироқ уларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари, манбага кўра, улар юк кўтариш мосламалари, юкларни ташиш воситалари ва шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича тўғри таъминланмагани билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, манбага кўра, ишчилар тўрт ойдан бери маош олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) таркибида 3-мисни бойитиш фабрикаси (3-МБФ) ташкил этилиши режалаштирилган. «Ёшлик-1» конидан 5,12 миллиард долларлик маҳсулот қайта ишланиши кутилмоқда. Бу кон 11 минг гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унда олтин, мис, кумуш, молибден каби 13 турдаги қимматбаҳо ва нодир металлар мавжуд. Февраль ойи бошида ОКМК раҳбари Абдулло Хурсанов президент 3-МБФ қурилишини 1 июлдан кечиктирмай бошлаш, «муҳандислик, базавий лойиҳа»ни эса 1 мартгача якунлаш ҳақида топшириқ берганини айтганди.

3-МБФ қурилиши учун Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» компанияси танланган. Ўшанда лойиҳа 2 миллиард долларга баҳоланган ва амалга ошириш муддати 2023 йилга мўлжалланганди. Дастлаб лойиҳа Renaissance Heavy Industries томонидан SFI Management Group назорати остида амалга оширилиши керак эди, бироқ 2021 йилнинг февралида улар лойиҳадан чиқарилган.