18 ноябрь куни ОКМК раҳбарияти ва Россиянинг ВЭБ.РФ тараққиёт корпорацияси ўртасидаги онлайн учрашув чоғида Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикасини қурилишини молиялаштириш бўйича кредит шартномаси имзоланди, деб хабар берди комбинат матбуот хизмати.

Объект қурилишини молиялаштириш учун 712 млн евро (824,3 млн доллар) миқдоридаги кредит маблағлари ажратилади. Маблағлар лойиҳа доирасида Россия ускуналари ва хизматлари учун шунингдек, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистондаги харажатларнинг бир қисмига йўналтирилади.

ОКМК рудани қайта ишлаш ҳажмини йилига 160 млн тоннага етказишни режалаштирмоқда. Бу эса 2028 йилга келиб, мис катоди ишлаб чиқаришни йилига 400 минг тоннага етказиш имконини беради. Шунингдек, ОКМК томонидан 2028 йилда йилига олтин ишлаб чиқариш 3 бараварга, кумуш ишлаб чиқариш 2 бараварга ортади.


«Россиянинг ВЭБ.РФ корпорацияси молиявий кўмаги асосида амалга оширилаётган 3-мис бойитиш фабрикасининг қурилиши Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади. Эътиборлиси, ушбу кредит комбинатга давлат кафолатисиз ва таъминотисиз имтиёзли шартлар асосида тақдим этилди. Мазкур лойиҳа комбинат тараққиётининг янги босқичга қадам қўйганини билдиради. Биз комбинат истиқболи йўлида Россия банклари ва корхоналари билан ҳамкорликни давом эттирамиз, — деди ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов.

Эслатиб ўтамиз, октябрда Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги миснинг дунёда ҳозирги ва келажакда ишлатилиши ҳақидаги умумий шарҳини эълон қилган эди. Ҳозирда Ўзбекистон мис маҳсулотларини сотишдан 2,5 млрд доллар даромад олади, бу металнинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинади. Электр транспорт воситалари ва электротехника ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2030 йилга бориб глобал талабнинг 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ОКМК мис кластери базасида электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳамда электромобиллар ва электр автобуслар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни тавсия қилган.