Олмалиқ кон-металлургия комбинати 3-мисни бойитиш фабрикаси (МБФ) қурилиши чоғида иншоотнинг том қисми қулаб тушди, ҳодиса оқибатида вафот этганлар ва жароҳатланганлар бор. Бу ҳақда «Газета.uz»га хабар берган ўқувчи Ҳиндистондан келган ишчилар томонидан суратга олинган видеоларни юборди.

Видеода ҳамкасблари қулаган конструкция остидан олиб чиқишга уринаётган кўплаб жароҳатланган ишчиларни кўриш мумкин.

Бош прокуратура «Газета.uz»га воқеани тасдиқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, 3 киши ҳалок бўлган, 45 киши жароҳат олган.

Ушбу объектнинг бош пудратчиси Enter Engineering компаниясидир.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, бу 3-МБФ қурилиши чоғидаги биринчи бахтсиз ҳодиса эмас. Келиб тушган видеоларда (таҳририятда мавжуд) ишчиларнинг қурилиш майдончасида иш вақтида жароҳат олгани акс этган. Бундай ҳолатларнинг айримлари, шу жумладан, ишчиларнинг айби билан ҳам содир бўлмоқда, бироқ уларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари, манбага кўра, улар юк кўтариш мосламалари, юкларни ташиш воситалари ва шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича тўғри таъминланмагани билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, манбага кўра, ишчилар тўрт ойдан бери маош олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) таркибида 3-мисни бойитиш фабрикаси (3-МБФ) ташкил этилиши режалаштирилган. «Ёшлик-1» конидан 5,12 миллиард долларлик маҳсулот қайта ишланиши кутилмоқда. Бу кон 11 минг гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унда олтин, мис, кумуш, молибден каби 13 турдаги қимматбаҳо ва нодир металлар мавжуд. Февраль ойи бошида ОКМК раҳбари Абдулло Хурсанов президент 3-МБФ қурилишини 1 июлдан кечиктирмай бошлаш, «муҳандислик, базавий лойиҳа»ни эса 1 мартгача якунлаш ҳақида топшириқ берганини айтганди.

3-МБФ қурилиши учун Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» компанияси танланган. Ўшанда лойиҳа 2 миллиард долларга баҳоланган ва амалга ошириш муддати 2023 йилга мўлжалланганди. Дастлаб лойиҳа Renaissance Heavy Industries томонидан SFI Management Group назорати остида амалга оширилиши керак эди, бироқ 2021 йилнинг февралида улар лойиҳадан чиқарилган.