14 февраль куни «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги [ЎРҚ-907-сонли] қонун президент томонидан имзоланди. Унинг тўлиқ баёни билан мазкур ҳаволада танишиш мумкин.

Унга кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

  • аукцион;
  • танлов савдолари;
  • музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш;
  • рақобатга асосланган мулоқот;
  • биржа савдолари;
  • давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини мулкий мажмуа тарзида хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
  • давлат улушларини ва давлат кўчмас мулк объектларини хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
  • давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан ижарага бериш.

Шунингдек, қуйидаги давлат мулки объектлари хусусийлаштирилади:

  • давлат кўчмас мулк объектлари;
  • давлат улушлари (акциялари, улушлари);
  • давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари.

Давлат мулки тўлиқ ёки қисман хусусийлаштирилиши мумкин. Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки бундан мустасно.

Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Хусусийлаштириладиган давлат мулкининг бошланғич нархи ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда хусусийлаштириш дастурининг кечикаётганини танқид қилганди. Ўшанда 2024 йилда хусусийлаштириш ҳисобига давлат бюджетига 20 триллион сўм тушум келиши кутилаётгани ҳақида сўз борганди.