Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда хусусийлаштириш дастурининг кечикаётганини танқид қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) директори Акмалхон Ортиқов «хусусийлаштириш бўйича айтилган рақамларни қилолмаяпти».

Шавкат Мирзиёев «Донмаҳсулот» таркибига кирувчи 43 та корхонадан атиги 10 таси сотилганини, айримлари эса хусусий секторга ўтказмаслик учун нархлари сунъий равишда ошириб юборилгани сабабли 2−3 йилдан бери сотилмай келаётганини таъкидлади.

Ортиқовга бир ой муддатда 33 та дон корхонаси нархини бозор қийматига тушириб, 1 июлга қадар сотиш чораларини кўриш топширилди. 1 апрелга қадар у ҳисоб-китобларни бош вазир Абдулла Ариповга тақдим этиши керак.

Хусусийлаштирилиши кечикаётган активлар. Манба: Президент матбуот хизмати.Хусусийлаштирилиши кечикаётган активлар. Манба: Президент матбуот хизмати.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш дастурига киритилган 484 та давлат активи (199 та вазирлик ва идоралар ва 106 та хўжалик бирлашмалари) хусусийлаштирилиши натижасида бюджетга 200 миллиард сўмга яқин тушум келиши мумкин бўлса-да, очиқ аукцион савдосига қўйилмаётганини ҳам танқид қилди.

Сотилмаган лойиҳаларнинг асосий қисми Соғлиқни сақлаш вазирлиги (39), «Ўзсаноатқурилишбанк» (27), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (21), Автомобиль йўллари қўмитаси (17), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (14), Ўзбекистон почтаси (14), Маданият ва Сув хўжалиги вазирликлари (ҳар бирида 13 та) ва бошқалар ҳиссасига тўғри келади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги, мана, янги вазир ўтирибди. Ўйин қилмагин, бунинг ҳаммасини жой-жойига қўй. Автомобиль йўллари қўмитаси[га] янги раҳбар [тайинланди]. Олий таълим вазирлиги — Каримов, Маданият вазирлиги, Сув хўжалиги [вазирлиги] ва ҳоказо… Ҳамманг бу масалада нима қилишингни бир ҳафтада айтиб, «протокол»га берасизлар», — деди президент.

Унинг таъкидлашича, бюджет тушуми учун энг катта захира тадбиркорларга ер участкаларини аукцион орқали сотиш ҳисобланади. Ўтган йили бунинг ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ олинган, 12 мингта янги лойиҳа қўшилган. Бироқ ўтган йили жойлардаги сусткашлик туфайли бюджетга 3 триллион сўм қўшимча тушум бой берилган.

Масалан, Тошкент шаҳрида 25 гектар ер аукционга қўйилиб, кейин қайтариб олингани оқибатида 600 миллиард сўмлик тушум йўқотилган.

Хусусийлаштирилиши кечикаётган активлар. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида. Манба: Президент матбуот хизмати.Хусусийлаштирилиши кечикаётган активлар. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида. Манба: Президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бош вазир Абдулла Арипов ва ўзининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевга уч кун муддатда йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Тошкент шаҳрининг Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод ва Яккасарой туманлари ҳамда Андижон вилоятининг Балиқчи ва Жалақудуқ туманлари ҳокимларининг лавозимда қолиш ё қолмаслигини ҳал қилиш тўғрисида қарор қабул қилишни топширди.

Умуман олганда, 2024 йилда хусусийлаштириш ҳисобига давлат бюджетига 20 триллион сўм тушум келиши кутилмоқда.

Шу йиғилишда президент ҳукуматнинг иқтисодий комплексидаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берди, чунки уларда «замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаяпти». Менежерлар учун маошларига боғлиқ бўлган KPI жорий этилади.

Шунингдек, президент 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Унга кўра, ЯИМни камида 6 фоизга кўпайтириш, шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 трлн сўмга камайтириш режалаштирилган.