Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатга кириб келадиган совуқ ҳаво оқими пиёз нархи кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ Гидрометеорология хизмати агентлиги 16 февраль куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17−19 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилаётганини маълум қилганди. Шундан сўнг EastFruit экспертлари ҳаво совиб кетиши март ойида ушбу мамлакатларнинг жанубий ҳудудларида йиғиб олинадиган эрта пиёз ҳосилига, шунингдек, карам ва сабзи каби бошқа эрта сабзавотларнинг ҳосилига таҳдид солиши ҳақида фикр билдирганди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида «мамлакатда ҳали ҳаво совимай туриб, айрим таҳлилчи-блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқлар фаоллари мазкур совуқ тўлқиннинг пиёз нархи кўтарилишига сабаб бўлиши ҳақида асосланмаган хабар тарқатаётгани» айтилади.

«Мамлакатимиз ҳудудида кутилаётган совуқнинг аграр соҳадаги барча тармоқларга салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур-чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, пиёзнинг 2023 йил ҳосилидан аҳоли истеъмоли учун етарлича захира тайёрланган ва улар омборларда мўътадил ҳаво ҳароратида сақланмоқда. Бунинг исботини эса бозорларимизда анчадан буён 1 кг пиёз (ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда) 2500 сўмдан 3500 сўмгача бўлган турғун нархларда сотилаётганидан ҳам билиш мумкин», — дея қайд этган вазирлик.

2024 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида тайёрланаётган пиёз ва саримсоқ пиёзларга эса бу совуқ деярли таъсир кўрсатмаслиги айтилган.

«Август-сентябрь ва ноябрь-декабрь ойларида экилган пиёз 2−3 марта суғорилган ва 25−30 см ўсиб қишлашга кирган, Уларнинг илдиз системаси яхши ривожланганлиги сабабли совуқ ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоли жуда паст даражада бўлади. Бундан ташқари тўқсонбости экинлари ўз номи билан қишнинг тўқсон кунида қор босиб туришини инобатга олган ҳолда шундай номланган», — дейилади баёнотда.

Берилган маълумотга кўра, республика бўйича 2024 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда август-сентябрь ойларида 64 минг гектар, ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида 82,8 минг гектар майдонда пиёз экинлари экилган. Тўқсонбости усулидаги пиёз ва бошқа экинларни экиш, зарур агротехник тадбирларини ўтказиш ҳамда совуқдан асраб қолиш бўйича олимларнинг илмий тавсиялари ишлаб чиқилиб, жойларга етказилган.

«Хулоса сифатида айтиш мумкинки, пиёз нархи ошиши ҳақида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидлаган вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши туфайли экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асраш ва совуқ кунлардан беталафот ўтиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берганди.