Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги тиклаш ишлари учун қўшни давлатларнинг минглаб меҳнат мигрантларини ишга ёлламоқда, аммо улар бунинг ўрнига баъзи ҳолатларда хандақ қазиш ва фронтда жанг қилишга мажбур бўлмоқда, деб ёзади Bloomberg.

Агентликнинг қайд этишича, мигрантлар қурилиш ишлари бўйича иш ҳақи бозордаги ўртача нархдан сезиларли даражада баланд бўлган эълонлар орқали жалб қилинмоқда. Масалан, шарқий Донбассдаги қурилишга турар жой, транспорт ва тиббий суғурта билан ойига 350 минг рублгача (деярли 4000 доллар) маош ваъда қилинмоқда.

Tong Jahoni инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳуқуқшуноси ва директори Валентина Чупикнинг Bloomberg`га маълум қилишича, у ўз амалиётида 50 га яқин мигрант ўз ихтиёри билан Украинага боргани гувоҳи бўлган, бироқ «уларга ваъда қилинган маош тўланмаган ва Россияга қайтишга рухсат берилмаган».

Чупикнинг айтишича, унга Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари алдаб арзимаган чақа учун ишлатилгани, сўнг уруш зоналарида хандақ қазишга мажбурлангани каби кўплаб ҳолатлар маълум.

Тожикистонлик меҳнат муҳожири Солех агентликка қандай қилиб уни урушда қатнашишга жалб қилмоқчи бўлишгани ҳақида гапириб берган. «Ноябрь ойида депортация марказида ўтирганимда, улар мени жалб қилиш учун фаол равишда ҳаракат қилишди. Агар шартнома тузсам, менга фуқаролик беришларини айтишди», — дея таърифлайди эркак. Унинг сўзларига кўра, унга «кўп пул» ваъда қилинган бўлса-да, уйга қайтишга қарор қилган.

«Улар ҳамма жойда ёллаш ишларини олиб бормоқда. Дўстим яшаш учун рухсатнома олиш мақсадида миграция марказига борганида уни шартнома имзолашга мажбурлашган. Донецк ва Луганскдаги қурилишларга борганларни у ерда жанг қилишга кўндиришади», — дея қўшимча қилган Солех.

Bloomberg`нинг қайд этишича, аввалроқ, Россия расмийлари босиб олинган Украина ҳудудларида минглаб турар-жой бинолари, юзлаб мактаблар, музейлар, касалхоналар ва кутубхоналар қайта тиклангани ёки қурилганини ҳақида маълумот берган. Россиянинг Bicotender маълумотлар базасидаги маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида Россия ҳукумати Мариуполдаги лойиҳалар, асосан турар-жой ва маъмурий бинолар қурилиши, шунингдек, инфратузилма ишлари бўйича қиймати 2 млрд рублдан ортиқ бўлган 47 та тендер ўтказган.

Собиқ мудофаа пудратчиси, ҳозир Россиядан ташқарида яшовчи Сергей Храбрихнинг айтишича, қурилиш лойиҳаларида иштирок этаётган кўплаб компаниялар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномаларга эга. Шунинг учун ёлланма ишчилар ушбу компанияларга эътироз билдира олмайди.

Храбрихнинг Bloomberg`га маълум қилишича, 2000 мингга яқин мигрант иш ҳақидаги алдовлар сабаб Украинанинг босиб олинган ҳудудларига бориб қолган.

Агентликнинг қайд этишича, Россия барча соҳаларда, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам муҳожирларга тобора кўпроқ таянмоқда. Йил бошида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги уруш даврида Россия Қуролли кучларида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш имконини берувчи фармонни имзолаганди.

Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномаларда иштирок этадиган компанияларга тегишли барча маълумотлар махфий ҳисобланади. Босиб олинган ҳудудларда ишлаётган ёки жанг қилаётган хорижлик фуқароларнинг умумий сони ошкор этилмайди, дея таъкидлаган Bloomberg.

2023 йил ноябрида Украина Миллий қаршилик маркази ўз ҳисоб-китобларига таяниб, бу ҳудудларда Марказий Осиёдан бўлган 100 мингдан ортиқ мигрант борлигини қайд этган.

Украина нафақат ҳарбий ҳаракатларда, балки босиб олинган ҳудудлардаги ҳар қандай фаолиятда иштирок этишни жиноят деб ҳисоблайди, деб ёзган Bloomberg. Урушда қатнашганлар ўз ватанида ҳам қамалиши мумкин. Ўтган йил давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусда бир неча киши ёлланганлик учун озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган.

Ўзбекистон фуқаролари миграцияси масалалари бўйича Москвада ишловчи шахснинг Bloomberg`га аноним равишда айтишича, Россияга иш излаб келганлар одатда қонунларни билмайди, рус тилида яхши мулоқот қила олмайди ва нимага имзо қўяётганини тушунмайди.