«Махсус ҳарбий операция» пайтида (рус ҳукумати Россиянинг Украинага босқинини шундай атайди) Россия Қуролли Кучларида ёки бошқа «ҳарбий тузилмаларда» ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган чет элликлар соддалаштирилган тартибда мамлакат фуқаролигини олишлари мумкин бўлади. Президент Владимир Путин бу ҳақдаги тегишли фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Россия фуқаролигини нафақат шартномани имзолаган хорижликлар, балки уларнинг оила аъзолари: турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-оналари ҳам олиши мумкин.

Шартнома камида бир йил муддатга тузилиши, фуқароликни олиш учун аризаларни кўриб чиқиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.

«РБК»нинг эътибор қаратишича, хорижий фуқароларнинг ушбу тоифалари рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асосларини билиш имтиҳонларисиз ҳам фуқаролик олиш учун ариза топшириши мумкин. Уларга, шунингдек, олиб ташланмаган ёки ўталмаган судланганлик ҳолати ҳамда қуролли можароларда иштирок этгани сабабли фуқаролик беришни рад этиш мумкин эмас.

  • 2022 йил ноябрь ойида Путин чет эл фуқароларининг Россия армиясида мамлакат фуқаролари билан тенг равишда шартнома асосида хизмат қилишига рухсат берувчи фармонни имзолаган.
  • 2023 йил май ойида Путин Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган хорижликларга Россия фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги фармонни ҳам имзолаганди. Унда «махсус ҳарбий операция пайтида» деган сўз йўқ эди ва аризани кўриб чиқиш муддати бир ой эмас, уч ой деб кўрсатилганди, дея аниқлик киритди «Медуза».
  • Ўтган йилнинг октябрь ойида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортган мигрантларни мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилишни таклиф этганди.
  • Ёздан бери Россия ҳудудларида мамлакат фуқаролигини олганига кўп бўлмаган хорижликларга қарши рейдлар ўтказилмоқда: уларга чақирув қоғозлари берилиб, военкоматларга олиб борилмоқда ва ҳарбий рўйхатга қўшилмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигида жиноий жавобгарлик

Ўзбекистон давлат органлари фуқароларни бошқа давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд экани ҳақида аввал ҳам бир неча бор огоҳлантирган.

Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши БҲМнинг 300 бараваригача миқдорда жарима (102 миллион сўм) ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, уларга ёлланиши эса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.