Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) тадқиқотида айтилишича, дунёдаги ҳозирги кўплаб можаролар ҳақиқат кучлилар томонида бўлиши кенг тарқаладиган янада хавфли ўнйилликнинг хабарчиси бўлиши мумкин.

«Ҳозирги ҳарбий хавфсизлик муҳити янада хавфли ўнйилликнинг хабарчиси бўлиб, ўшанда баъзи [ўйинчилар] ўз мақсадларига эришиш учун ҳарбий кучдан қўполлик билан фойдаланиши мумкин», — дейилади The Military Balance 2024 ҳисоботида. Ҳужжат дунёнинг 170 дан ортиқ давлатининг ҳарбий ва мудофаа қобилиятини баҳолайди.

Бу «кучлилар ҳақ» ёндашувига олиб келади ва «бир хил фикрдаги демократик давлатларни бунга жавобан икки томонлама ва кўп томонлама мудофаа алоқаларини мустаҳкамлашга» ундайди, дейилади ҳисоботда.

Дунёдаги «ўта беқарорлик» манбаларига Исроил ва ХАМАС ўртасидаги можаро, ҳусийларнинг ракета таҳдиди, Украинада давом этаётган уруш, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва Африкада кучайган кескинлик киради.

Бутун дунёдаги беқарорлик натижасида мудофаа харажатлари ортди. IISS маълумотларига кўра, 2022 йил февралида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жаҳонда мудофаа харажатлари 9 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 2,2 триллион долларни ташкил қилди. Bloomberg`нинг таъкидлашича, бу миқдорнинг ярми НАТО мамлакатларига тўғри келади.

Жаҳон ҳарбий харажатларининг 70 фоиздан ортиғи Хитой, Россия, Ҳиндистон ва НАТО давлатларининг коллектив мудофаа бюджетларига тўғри келади. Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, мудофаа бюджетларини тақсимлашнинг устувор йўналишлари ҳам ўзгарган. Яъни агар 2014 йилда НАТО давлатлари мудофаа бюджетининг ўртача 15 фоизини қурол-яроғ сотиб олиш ва ишлаб чиқаришга сарфлаган бўлса, 2023 йилда бу учун бюджетнинг 30 фоиздан ортиғини ажратган.