Тошкент вилоятининг Нуробод ҳудудида жойлашган «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясининг атмосферага чиқараётган зарарли моддалари белгиланган меъёрлардан юқорилиги аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ИЭСда чанг-газ тозалаш ускуналари (фильтрлари) самарадорлиги 80 фоизгача тушиб кетган. Ҳолат бўйича атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиргани учун 887 миллион, саноат чиқиндиларини белгиланмаган жойга жойлаштиргани учун 116 млн — жами 1 миллиард 3 млн сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

Бундан ташқари, 11 нафар мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинди.

Шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш ва чанг-газ тозалаш ускуналарининг ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Экология вазирлиги томонидан аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун қўшимча ёқилғи сифатида иссиқлик станциялари томонидан мазутдан фойдаланиш ҳаво ифлосланишининг сабабларидан бири сифатида келтирилганди. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна истеъмол қилинган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннадан ортган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясида кўмирдан фойдаланиш 2 баробарга ошган.

Январь ойида экологлар Тошкент иссиқлик электр станцияси (ТошГРЭС)нинг ҳаво ва тупроққа таъсирини ўрганган ва аниқланган зарар 1 млрд сўмга баҳоланган. ИЭС асосий ёқилғи сифатида газдан фойдаланади, лекин баъзида мазут ёқади, шунинг учун пойтахтни тутун қоплаган.

Вазирлик, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берган. Иссиқхона ҳамда заводларда чанг-газ филтрларини ўрнатиш, Аи-80, ИЭСларда кўмир ҳамда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқалар шулар жумласидандир. Президент ушбу чора-тадбирларнинг аксариятини амалга оширишни топширган.