Шавкат Мирзиёев 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистондаги экологик муаммолар ҳақида гапирди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари 2020 йилдан буён ҳудудларда 22 мингта янги саноат корхонаси ишга туширилгани, шу даврда қарийб 250 мингта янги уй-жой барпо этилганини таъкидлади.

Ҳозирги кунда саноат корхоналари ва автомобиллар атмосферага 2 миллион тоннадан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни чиқармоқда.

Тошкент, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод ва Қувасойда ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори бошқа ҳудудларга нисбатан сезиларли даражада юқори. Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари мавжуд.

Президент саноат корхоналари «оёққа туриши» учун кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берилгани, лекин айрим корхоналар на солиқлар тўлашни, на атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўйламаётганини таъкидлади. «Газета.uz» аввалроқ цемент заводлари фаолиятининг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига таъсирини кенг муҳокама қилиш зарурлиги ҳақида ёзганди. Жорий йилдан цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун оҳактош бўйича солиқ ставкаси қарийб 4 баравар камайтирилган.

Аксарият ҳолларда қурилиш объектлари ва лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга ошириляпти. Шу муносабат билан 1 апрелдан ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг «мастер-режа»сини ишлаб чиқиш топширилди. Йил якунида ҳудуд ва тармоқларнинг экологик рейтинги ва экологик паспорти эълон қилиб борилади. Натижалари бўйича эса ҳокимлар аҳолига мурожаат қилиши белгиланди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатишни бошлаш вазифасини қўйди.

Йил якунигача 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент ишлаб чиқарувчиларда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши, эскилари алмаштирилиши, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда фильтрлар янгиланиши керак.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Фото: Президент матбуот хизмати.Экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан «яшил белбоғ» яратилиши, жами 10 миллион туп дарахт экилиши керак.

Қолаверса, қурилиш корхоналари ҳам ижтимоий масъулиятни ҳис қилган ҳолда Тошкентда «яшил белбоғлар» ташкил қилиши кераклиги таъкидланди.

Экология вазирлигига вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда «ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш» тизимини жорий этиш топширилди. Тошкент вилоятининг Оҳангарон ҳудудидаги 23 гектар ва Янгийўлдаги 37 гектарда жойлашган собиқ чиқинди полигонлари ҳудудида «яшил боғлар» ташкил қилинади.

Бундан ташқари, сувга зарарли ташланмаларни оқизаётган ва ўзидан зарарли чиқиндиларни кўп чиқараётган корхоналар билан ишлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларини тўлиқ яшиллик билан қоплашни назарда тутувчи камида 3 минг гектар «яшил белбоғ» ва 200 гектар «яшил боғлар» ташкил қилинади.

Шунингдек, пойтахт кўчаларига атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади.

Аввалроқ Экология вазирлиги «Газета.uz»га Тошкент атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабабли «яшил ҳалқа» ўрнига «кулранг ҳалқа» ҳосил бўлгани ҳақида хабар берганди. Пойтахт атрофида жами 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва ушбу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар лойиҳаси ҳақида маълумот берган. Иссиқхона ҳамда заводларда чанг-газ фильтрларини ўрнатиш, Аи-80, ИЭСларда кўмир ҳамда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқалар шулар жумласидандир.